Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 2 март куни Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳи саммитида сўзлаган нутқида пандемиянинг салбий таъсири биринчи навбатда ёш авлодга таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратди.
Давлат раҳбари ёшларнинг сифатли таълим, касб-ҳунар эгаллаши, тиббий хизматдан фойдаланиши ва спорт билан шуғулланиши учун имконият кескин камайиб бораётганига ҳам тўхталди.
“Айниқса, ёш авлоднинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига ишончи йўқолиб бораётгани ташвишлантирмоқда. Бузғунчи ва радикал мафкуранинг минглаб ёшлар онгига таъсири ҳам кучаймоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.
Қўшилмаслик Ҳаракати Ёшлар тармоғига аъзо давлатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари келгуси йил Самарқанд шаҳрида “Чексиз имкониятлар саммити”ни ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Айтиш жоиз, дунё аҳолисининг 2 миллиарддан зиёд қисмини ёшлар ташкил этади. БМТ маълумотига кўра, пандемиянинг, айниқса, ёшларга таъсири оғир кечди. Бу нафақат мавжуд тенгсизликни кучайтиради, балки бутун бир авлоднинг ишлаб чиқариш салоҳияти пасайиши таҳдидини юзага келтиради.
Ёшлар ўртасида ишсизлик кўпайиши ҳам коронавирус пандемиясининг салбий оқибатидир. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб 295 миллион иш ўрни йўқолиш арафасида. Бу салбий ҳолат 70 миллиондан зиёд 24 ёшгача бўлган ёшларнинг кейинги тақдирига бевосита боғлиқ. Шу билан бирга меҳнат қилаётган ёшларнинг, қарийб, 40 фоизи ўта қашшоқ яшайди.
Бугунги кунда дунёда геосиёсий вазият кескинлашгани, давлатлар ўртасидаги мулоқот издан чиққани, бузғунчи ғоялар тарқалиши кучайиб, терроризм, экстремизм ва сепаратизм кенг тарқалишига олиб келаётгани ҳам шу ташаббусга бўлган талаб билан боғлиқ. Бундай шароитда айнан ёшлар радикал ғоялар таъсирига кўпроқ мойилдир.
Шу билан бирга миллий анъана ва қадриятлар руҳида тарбияланган, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга бўлган авлод ҳар қандай давлат муваффақиятли ривожланишининг ҳаракатлантирувчи кучи экани ҳам ҳақиқат.
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Сўнгги йилларда ёшларга оид сиёсат самарадорлигини оширишга қаратилган 77 та қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Булар орасида 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун, 2020 йил 30 июнь куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони алоҳида аҳамият касб этади.

















