Сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, норасмий бандлик улушини қисқартириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган. Қонун билан Солиқ кодекси ҳамда “Томорқа хўжалиги тўғрисидаги” қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ҳар ойлик ижтимоий солиқ суммаси миқдори юқори эди.
Эндиликда, якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилади.
Лекин савдо мажмуалари ва бозорларда фаолиятни амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ суммаси ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида мажбурий тартибда тўланади.
Шунингдек, амалдаги қонунчиликда шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ер участка эгаси ёки унинг оила аъзоларига меҳнат стажи ҳисоблаб чиқарилмаган.
Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда, шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ер участка эгаси ёки унинг оила аъзоларига меҳнат стажи ҳисоблаб чиқарилади. Бунинг учун улар томонидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 1 баравари миқдорида солиқ тўлаб борилади.
Қолаверса, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасидан томорқа ер участкаси майдонига камида 0,04 гектар бўлиши кераклиги тўғрисидаги талаб чиқариб ташланмоқда.

Бундан ташқари, киритилаётган ўзгартишга кўра, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар), иссиқхона, паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланмоқда.

















