Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги урушда 16 америкалик ҳалок бўлди. The Washington Post улардан беш нафарининг тарихини келтирди
Украина ҳукумати маълумотига кўра, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён АҚШнинг 20 мингдан ортиқ фуқаролари Володимир Зеленский таклифига кўра Украина қуролли кучлари таркибида шакллантирилган Хорижий легионга қўшилиш истагини билдирган. Украина томонида туриб жанг қилаётган америкалик кўнгиллиларнинг аниқ сони маълум эмас. Украинадаги ҳарбий ҳаракатларнинг 15 ойида АҚШ фуқаролари бўлган камида 16 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. The Washington Post газетаси Хотира кунида уларнинг беш нафари ҳақида маълумот эълон қилди.
Yevhenii Zavhorodnii / Reuters / Scanpix / LETA
Эндрю Питерс, 28 ёш
Висконсин штати Маршфилд шаҳридан, 2023 йил февралида Украинада ҳалок бўлган. У телевидениеда Украина ҳақида берилаётган хабарлар ва Володимир Зеленскийнинг бутун жаҳон бўйлаб қуролли кучлар фахрийларига Россия тажовузига қарши туришда Украина армиясига ёрдам беришни сўраб қилган видеомурожаати таъсирида 2022 йил ноябрида Хорижий легионга қўшилган.
Украина фронтида омон қолган кўнгиллилар WP журналистларига айтиб беришича, уларнинг ўз ватанидаги нисбатан хавфсиз ҳаётни бошқа мамлакатдаги уруш майдонига алмаштириш қарори АҚШ қуролли кучларида хизмат қилиш асосида ётувчи шу каби демократик ғоялардан илҳомланган: эркинликка муҳаббат, зулмга нафрат. Баъзи ҳолларда танловга шахсий ҳаётдаги муаммолардан қочиш истаги ёки шунчаки ҳаракатга ташналик таъсир кўрсатади.
Эндрюнинг отаси, Форс кўрфазидаги уруш фахрийси бўлган 53 ёшли Жон Питерснинг сўзларига кўра, унинг ўғли бир неча йил олдин армиядан кетгач, Висконсиндаги фуқаролик ҳаётига мослашишда қийналган. 2014 йилда у Афғонистонда хизмат қилганди. Эндрюнинг лабрадор-ретривер зотли, қора тусли, Пеппер лақабли хизматдош ити бўлган, у армиядан бўшаганидан кейин эгасига қийинчиликларни енгишда ёрдам берган.
Ота-она ўғилни Украинага кетишдан қайтаришга уринади, аммо унинг қатъийлигини кўриб, кўнгиллилар сифатида у билан бирга кетишга уринишади. «Ўйлайманки, у қари отаси барибир эргашмагани ва уни хижолатга қўймаслигидан енгил тин олган», — дейди Жон Питерс.
Апрел ойида Питерслар оиласига ҳалок бўлган фарзанднинг кули солинган урнани (кўза) келтиришади. Бу иш Америка ҳукумати томонидан эмас, балки Украинанинг Вашингтондаги элчихонасидан юборилган ҳарбийлар томонидан амалга оширилган.
Tim Gruber / The Washington Post / Getty Images
Хотира кунида ота-она аралаш туйғуларни бошдан кечиришди, чунки уларнинг фарзанди ўз ватани учун эмас, бошқа давлат байроғи остида жанг қилиб ҳалок бўлган. Шунинг учун Жон Питерс ўғлининг номини урушларда ҳалок бўлган америкалик аскарлар хотирасига барпо этилган ёдгорликка қўшиш таклифини рад этди. У ўз уйи ёнига АҚШ ва Украина байроқларини илган ҳолда Эндрюни хотирлади.
Ник Маймер, 45 ёш
Собиқ «яшил берет» Николас Маймер 2023 йил май ойида Бахмутда ҳалок бўлди. У Айдаҳо штати Бойсе шаҳрида туғилган, 22 йил мобайнида, 2018 йилга қадар АҚШ махсус топшириқли бўлинмалари сафида хизмат қилган.
Унинг амакиси Пол Маймернинг сўзларига кўра, қариндоши ўз билимлари ва қизиқишларини бошқалар билан баҳам кўрган. Хусусан, у бир неча бор Бойседаги холаси дарс берадиган ўрта мактабда илонлар ҳақидаги тақдимоти билан ўқувчиларни ҳайратга солган. Россия босқини арафасида Маймер Испанияда инглиз тилидан дарс бераётганди. У Idaho Statesman нашрига берган интервюсида айтганидек, уни Украинага «ахлоқий компас» етаклаб келади.
Николас Украина ҳудудий мудофаа кучларининг 114-бригадаси 135-алоҳида батальонида, Сима лақаби (чақирув белгиси) остида жанг қилган. Унинг ўлими ҳақида «Вагнер» ХҲК томонидан эълон қилинган видео орқали маълум бўлганди. Унда гуруҳ раҳбари Евгений Пригожин Бахмутда унинг ёлланма жангчилари билан отишиб, шарафли тарзда ҳалок бўлган Маймернинг жасадини барча таомилларга биноан, байроғига ўраган ҳолда АҚШга юборишни ваъда қилганди.
25 май куни Украина қуролли кучлари ва «Вагнер» ўртасидаги асирлар алмашинуви доирасида Маймернинг жасади солинган тобут ҳам Украинага берилди.
Купер Эндрюс, 26 ёш
АҚШ денгиз пиёдаларининг истеъфодаги сержанти 19 апрел куни Бахмут атрофида ҳалок бўлган. У «ҳаёт йўли» орқали Бахмутдан тинч аҳоли вакилларини эвакуация қилиш чоғида (бу йўлдан шаҳарга қўшимча кучлар ва ўқ-дори етказишда ҳам фойдаланилган) миномёт зарбасидан оғир яраланганди.
Унинг онаси Уиллоу Эндрюснинг сўзларига кўра, Купер болаликдан ижтимоий адолат масалаларига қизиққан, кейинроқ армияда ирқчилик муаммосига дуч келган. Қуролдошлари уни қора танлиларнинг ҳуқуқлари учун курашган Малколм Икснинг китобларини ўқигани учун «қора миллатчи» деб чақиришган. Украинадаги легионда Куперга яхши муомала қилишган. «Биз оға-инилардекмиз, она», — дея эслайди Уиллоу Эндрюс ўғлининг сўзларини.
Ҳозирда аёл ўғлининг жасади АҚШга олиб келиш ва ўзи туғилиб ўсган Оҳайо штати, Кливленд-Ҳайтс шаҳрида отасининг ёнига дафн қилишга ҳаракат қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, у Давлат департаменти ўз ишини бажаришидан умид узиб, маҳаллий украинлар жамоасига ёрдам сўраб мурожаат қилган.
У Америка ҳукумати билан муносабатларини «хафагарчилик, баҳсли ва баъзида жаҳлни келтирадиган» деб атаган. У кўп ҳолларда фарзандлари Европада Купер билан бир бўлинмада жанг қилган оилалардан олинган маълумотларга таянишига тўғри келган.
Давлат департаментининг оммага гапиришга ваколатли бўлмаган вакили WP журналистига берган изоҳида Америка маъмурияти «бундай вазиятларда ўз вазифасига ўта жиддий ёндашиши» ва «имконият туғилиши биланоқ» маълумотларни оилаларга етказишини айтган.
Грэди Курпаси, 50 ёш
Курпаси Жанубий Кореяда туғилган ва чақалоқлигида америкалик оила томонидан асраб олинган. У 20 йил АҚШ денгиз пиёдалари сафида, жумладан Ироқда ҳам хизмат қилган. Курпаси 2021 йил ноябрида истеъфога чиқади, аммо уч ой ўтиб кўнгиллиларнинг хорижий легионига қўшилади, бу легион феврал ойида Киев атрофида Украина қуролли кучлари билан бирга Россия қўшинларига қарши туради. 2022 йил апрелида унинг бўлинмаси Украина жанубидаги Херсон областига кўчирилади. Кўп ўтмай у бедарак йўқолади, ўшанда у британиялик кўнгилли Эндрю Ҳилл билан биргалигида россияликлар зарбасига учраганди. Унинг шериги россияликларга асир тушади ва кейинроқ асирлар алмашинуви доирасида «Азовстал» мудофаачилари билан бирга озод қилинади.
Курпасининг яқинлари уни қидиришда ёрдам сўраб, украин кўнгиллилари ва Жо Байден маъмуриятига мурожаат қилади. Йўқолган ҳарбийнинг дўсти Жорж Ҳит журналистларга сўзлаб беришича, Давлат департаменти бу ишда «мутлақо ёмон ва лаёқатсиз» эди.
Якунда Украина ҳукумати ва кўнгиллилар томонидан ташкил этилган Weatherman Foundation фонди ёрдамга келиб, Курпасини Херсондан ғарбдаги Олександровка қишлоғи атрофида қидиришга киришади. Бир йил ўтиб ҳарбийнинг жасади қолдиқлари топилади, кийим ва жиҳозлари орқали унинг шахси тасдиқланади.
Mary Altaffer / AP / Scanpix / LETA
19 май куни жасад қолдиқлари солинган тобутни олиб учган самолёт АҚШга қўнди. Давлат департаментидагилар АҚШ расмий шахслари «Украина ҳукумати қидирув ишларини олиб бораётганда улар билан яқиндан ҳамкорлик қилгани» ва Курпасининг оиласи билан барча маълумотларни бўлишишга ҳаракат қилганини билдирган.
Пит Рид, 33 ёш
Нью-Жерсида туғилган Пит Рид 2007 йилда АҚШ денгиз пиёдалари корпусига хизматга кирган, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Кейин у Global Outreach Doctors нотижорат ташкилотига қўшилади. 2016 йилда Ироқда бўлғуси рафиқаси, журналист бўлиб ишловчи Алекс Поттер билан учрашади. Ҳуманитар ходим ва парамедик сифатида у Сурия, Яман, Полшада, Россия босқинидан кейин эса Украинада ишлай бошлайди.
«У доимо ҳаммага ёрдам беришга тайёр эди. Унинг учун асосий қадриятлар раҳм-шафқат ва меҳрибонлик, шунингдек, уларга муҳтож бўлган одамларга, уларнинг шароитидан қатъи назар ёрдам бериш эди. Ўйлайманки, булар биз миллат сифатида доимо интилишимиз керак бўлган қадриятдир», — дея ҳикоя қилади Поттер хоним Риднинг жамоаси Украинада бир неча ярадор россияликларни ҳам даволаганини назарда тутиб.
The New York Times нашрининг ёзишича, 2023 йил 2 февралида таркибида Рид ҳам бўлган парамедиклар гуруҳи Бахмутда россияликлар зарбасига учраганлар олдига етиб келганида уларнинг тез ёрдам машинасига яна бир ракета келиб урилади. Рид воқеа жойида ҳалок бўлади, унинг ҳамкасблари тан жароҳати олади. NYT нашри тасдиқлашича бу тасодифий зарба бўлмаган, балки бошқарилувчи ракета билан зарба беришган.
Июн ойида Риднинг оиласи унинг кулини бўлажак парамедик болаликда кўп вақтини ўтказган Массачусетс штати, Беккет шаҳри яқинидаги болалар лагери жойлашган қишлоққа олиб бормоқчи.