2023 йил 2 июнь куни махсус иқтисодий зонадаги ADM Jizzakh автомобиль заводи қурилиш майдончасида тантанали равишда вақт капсуласини жойлаш маросими ўтказилди. Тадбир Кореянинг DASAN DMC компанияси билан ҳамкорликда босим остида қуйиш усули билан автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарадиган янги корхона қурилиши бошланиши муносабати билан ўтказилди.

Жойланаётган идишнинг рамзий образи, янги қўшма корхонанинг қурилиши бўйича ишларнинг бошланишини ифодалади. ADM Jizzakhʼнинг ҳамкори сифатида Кореянинг DASAN DMC компанияси гавдаланди.
Қўшма корхонага режалаштирилган киритилувчи инвестициялар ҳажми 8,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. ADM Jizzakh етказиб берувчилари кластери қошидаги янги корхонада олд ва орқа бамперлар, эшик қопламалари, инструментал панеллар, марказий консоль ва бошқа йирик пластмассали бутловчи қисмлар, шунингдек, автомобиллар учун статик ва динамик резина қистирмалари ишлаб чиқарилади.

Ҳар икки томон вакиллари қутлов сўзлари билан чиқиш қилиб, лойиҳанинг муваффақиятли ва жадал ривожланиши юзасидан тилаклар билдирди.
“Биз узоқ муддатли ҳамкорлигимизнинг дастлабки босқичидамиз ва биргаликдаги мақсадларимизга босқичма-босқич эришамиз! DMC Inc. компанияси томонидан барча керак бўлган техник ёрдам нафақат ишга тушириш босқичида, балки лойиҳамизни амалга ошириш жараёнида ҳам тақдим этилади!” - деди DMC компаниялар гуруҳи раиси ўринбосари Ёон Чооньюл.

Уларнинг чиқишларидан сўнг вақт капсуласининг тантанали жoйланиши амалга оширилди, унда нафақат компанияларнинг расмий вакиллари, балки Жиззах вилоятининг турли ташкилотларидан таклиф этилган меҳмонлар ҳам иштирок этдилар.

Вақт капсуласига ҳамкорлик меморандуми жойлаштирилди.

Шунингдек, тошга меморандум имзоланган сана ва корхоналарнинг номлари рамзий равишда ўйиб ёзилган лавҳ ўрнатилди.










