Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Кишинёвда Тоғли Қорабоғ мақоми юзасидан музокара ўтказди. Учрашувда Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шолц ва Европа кенгаши президенти Шарл Мишел ҳам иштирок этди.

Музокаралар олдидан Пашинян Арманистон Озарбойжоннинг «ҳудудий яхлитлигини тан олиши»ни маълум қилди. Ереван жумладан, у ердаги арман миллатига мансуб аҳоли хавфсизлигини таъминлаш шарти билан Тоғли Қорабоғни ҳам Боку ҳудуди дея эътироф этди. Сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари Молдовадаги учрашувда Алиев ва Пашинян ниҳоят тўлақонли тинчлик шартномасини имзолашлари мумкинлигини тахмин қилганди – аммо бу амалга ошмади. «Медуза» нашри Қорабоғ можароси бўйича экспертдан Кишинёвдаги учрашув тинчликка яқинлашишга қанчалик ёрдам бергани ҳақида сўради.

— Музокараларнинг асосий натижалари қандай?

Учрашувдан кейинги пресс-релиз, одатдагидек, қуруқ гаплар билан тўла. Ҳеч қандай сенсация бўлмади ва менимча, биз бекорга сенсация кутдик. Афтидан, биз Пашиняннинг май ойи ўрталарида «Кишинёвдаги учрашувга қадар нимадир қилишга улгуришимиз мумкин» деган гапига эътибор қаратдик.

Шу билан бирга, Пашиняннинг сайтидаги 18 майдаги хабарда июл ойида Брюсселда беш томонлама янги форматдаги учрашув, кейин эса октябрда Гранадада учрашувлар бўлиб ўтиши айтилган. Агар тинчлик учун барча нарса тайёр бўлса, нима учун октябр ойида ҳам сафар қилиш режалаштирилган? Яъни, Арманистон ҳукумати музокаралар аслида қандай кечишини тахминан тушуниб турибди: ҳамма нарса ҳам кутилгандек оптимистик эмас, ҳали ҳам тузоқлар бор.

Қолаверса, Пашинян (келишувга эришган тақдирда) халққа ҳеч бўлмаганда Қорабоғ арманларининг хавфсизлигини таъминлай олганини айтиши керак ва бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. 28 май куни Алиев Лочин вилоятига ташриф буюриб, деярли ултиматум қўйди: у (Тоғли Қорабоғнинг) барча давлат тузилмалари тарқатиб юборилиши ва тан олинмаган республиканинг барча амалдорлари ҳукуматга таслим бўлиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, фақат шу ҳолатдагина амнистия бўлади. Бу жуда қаттиқ талаб.

Бошқа томондан, илгари Алиев «амнистия» сўзини умуман тилга олмаган, бу ерда у ҳеч бўлмаганда ўзининг баъзи шартларини маълум қилди. Аммо бундай талаб тушунарли сабабга кўра қабул қилиниши қийин: одамлар шунчаки қўрқади. Уларни ҳарбий жиноятчи деб атаган Озарбойжон ҳукуматига таслим бўлиш — энг ижобий сценарий эмас. Улар, эҳтимол, умрининг охиргача қамоқда ўтиради.