Қиз бола ўзининг қадрдон оиласидан, жонажон ота-онаси, туғишганларидан айрилиб, бутунлай бошқа муҳит, ўзга инсонлар орасига тушади ва яшай бошлайди. Зиммасига қўйилган ҳар хил мажбуриятлар, шартлар, талаблар аввалига уни озроқ довдиратади. Янги келин бироз муддат тушкунликка тушади. Ана шундай вазиятда унга яхши қайнона ёрдамга келиши, уни аввало аёл, собиқ келин, меҳрибон она сифатида қўллаб-қувватлаши лозим.
Қайноналарга ҳам осон эмас. Кўплаб қайноналар бутунлай ўзга муҳитда ўсиб тарбия олган келинга қандай муомала қилишни билмай қолади. Чунки келинчакнинг феъл-атвори, одатлари унга номаълум.
Айнан шундай ҳолатда қайнона қандай бўлиши кераг-у, келин ўзини қандай тутиши лозимлигини машҳур турк ёзувчиси Аҳмад Лутфий Қозончи ўзининг “Қайнона” асари қаҳрамонлари Мунаввархоним ва Амина тимсолида тасвирлаган.
Сюжет:
Мунаввархоним исмли бева аёл Мустафо исмли ўғлини уйлантирмоқчи бўлади ва келин излай бошлайди. Унга Амина исмли ақлли-ҳушли, яхши хонадон қизи Аминани тавсия қилишади. Ҳар икки томоннинг суриштируви натижасида Мустафо ва Амина унаштирилади.
Аминани қўрқув босади. Биринчидан, оиласини ташлаб кетишдан изтиробга тушса, иккинчи тарафдан, миясига атрофдагилар томонидан ўрнатилган “қайнона золим, қайнона жоҳил, қайнона зулмкор” каби фикрлар тинч қўймасди. Қўни-қўшни бўлмиш келинлар қайнонадан кўрган дард-аламларини айтавериб қиз бечорани қўрқитиб қўйишганди.
Бу орада ҳар икки хонадоннинг орасига совуқчилик солиб, бир-биридан айнитмоқчи бўлган кўролмас фитначилар ҳам чиқиб қолади. Аммо оқил инсонлар ҳисобланмиш Мунаввархоним ва Аминанинг отаси Маҳмуд оға ҳам бундай қутқуларга учмайди.
Мунаввархоним Аминаларникига меҳмонга келганда негадир Аминанинг барча қўрқувлари буткул тарқаб кетади. Биринчи марта кўраётган бўлишига қарамай, ўзини Мунаввархонимнинг қизидек ҳис қила бошлайди. Бунга сабаб Мунаввархонимнинг юзидаги нур, илиқлик, табиатидаги ҳалимлик эди.
Чиндан ҳам Мунаввархонимда дунёдаги жамики яхши фазилатлар, хулқ-атворлар жамланиб, сийратидаги пок нур юзига балқиб чиққанди. Эсини танибдики, нафси билан курашиб, ўзини давомий тарбиялаб келган Мунаввархонимни барча бараварига ҳурмат қиларди. Шундай аёлнинг ўғли Мустафо ҳам, албатта, тенгқурларига нисбатан анча ақлли, тарбияли, солиҳ фарзанд бўлиб етишганди.
Ҳаммага фақат яхшилик соғинувчи Мунаввархоним Аминани келин қилиб олгач ҳам ўзини қайнонадек эмас, чин меҳрибон онадек тутди. Аминани ўз қизим деб қабул қилди. Амина ухлаб ётган қайнукаси Алининг устига билмай қайноқ сув тўкиб юборганида бу айбни ўз бўйнига олди. Ҳеч кимга Амина тўкканини сездирмади.

















