Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФ мудофаа вазирлиги «Leopard танклари йўқ қилиниши кадрлари»ни намойиш этди. Z-блогерлар шубҳа билдирмоқда
Уруш тарафдори бўлган Z-блогерлар вазирлик видеосида аслида қишлоқ хўжалиги техникаларига зарба берилгани кўрсатилганини айтишди. Пригожин ҳам бу видеога заҳархандалик билан муносабат билдирди.
6 июн куни РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия армияси уч кундирки фронтнинг бир қанча участкаларида Украина қуролли кучларининг «анчадан буён ваъда қилинган қарши ҳужуми»ни қайтараётганини маълум қилди. Унинг тасдиқлашича, ўтган уч кун ичида Украина томонининг йўқотишлари 3715 нафар ҳарбий хизматчи, 52 танк, 207 жанговар зирҳланган машиналар, 134 автомобил, бешта самолёт, иккита вертолёт, 48 та дала артиллерияси қуроли ва 53 та учувчисиз учар аппаратни ташкил этган.
Шойгу 5 июн куни Украина қуролли кучларининг еттита йўналишдаги юришлари тўхтатилгани, шу кунги жангларда 28 та танк, жумладан немислар етказиб берган саккизта Leopard русумли танклари ва французларнинг учта AMX-10 русумли ғилдиракли танклари йўқ қилингани ҳақида алоҳида гапирди. Бу маълумот аввалроқ, сешанбага ўтар кечаси РФ мудофаа вазирлиги матбуот хизмати томонидан ҳам эълон қилинганди.
Шойгу ўз сўзларига ҳеч қандай далил келтирмаган. Аммо кўп ўтмай Россия ҳарбий идораси матбуот хизмати ОАВ учун қисқа видео тақдим этган, кадрларда «хориждан етказиб берилган зирҳли техникалар, жумладан Leopard танклари йўқ қилиниши акс этгани» айтилган.
Шу заҳоти кўплаб россиялик ҳарбий мавзуга ихтисослашган блогерлар РФ мудофаа вазирлиги ролигида ҳақиқатан ҳам зирҳли техникалар кўрсатилганига шубҳа билдира бошлади.
Россия босқинини қўлловчи машҳур каналлардан бири ҳисобланган «Военный осведомитель» (Ҳарбий даракчи) телеграм-канали машина силуэтларини (бир рангда ишланган контур сурат) таҳлил қилиб, видеода Америка томонидан ишлаб чиқарилган John Deere 9000 ва 700 серияли ғалла ўриш комбайнлари, шунингдек Украина ҳудудида жуда оммалашган John Deere 4830 русумли ғўзалар баргини тўкиш учун дори сепадиган пуркагич трактор акс этганини аниқлади.
«Қишлоқ хўжалиги техникаларига хатолик билан йўлланган зарба кадрларини бизга „Леопард“ни аниқ нишонга олиш сифатида кўрсатиш нега керак эди», — дея ёзади канал муаллифи.
РФ мудофаа вазирлигининг собиқ ходимлари томонидан юритиладиган яна бир йирик «Рыбарь» телеграм-канали ҳам шундай хулосага келган. «Агар кадрни катталаштирсангиз, объект контурларида қишлоқ хўжалиги техникасига ўхшаш ниманидир кўрасиз. Ғилдираклар контурларда яққол ажралиб туради, „ствол“ эса аслида бурғи паррагини эслатади. Қолаверса, вертолёт экипажи ҳам ўзаро мулоқотда нишон „Леопард“ эканини айтмаган», — дейилади постда.
«„Леопард“лар йўқ қилиниши» видеосига «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин ҳам киноя билан муносабат билдирган. «Бугун Россия Федерацияси мудофаа вазирлиги ПТУРчиларнинг (танкка қарши бошқарилувчи ракета учирувчи) таъсирли ишини намойиш этди. Бу кадрларда Leopard танклари ғалати тактик манёврда бир-бирига қараб ҳаракатланаётганини кўриш мумкин. Бу танклар қишлоқ хўжалиги комбайнлари кўринишида ниқобланган. Уларнинг стволи пастга эгилган. Аммо бу бизнинг ПТУРчилар уларда душман техникасини кўришига халал бермаган», — деган у.
Мавзуга оид
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
08:45 / 09.06.2026