«Медуза» нашри ушбу версиялар, шунингдек, содир бўлган воқеанинг эҳтимолий оқибатларини географ, Швейцариянинг Zoi Environment Network экологик нотижорат ташкилоти асосчиларидан бири Николай Денисов билан муҳокама қилди. Денисов ҳарбий можаролар ва табиат муаммолари ўртасидаги боғлиқликларни ўрганади. У 2014 йилдан бери Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларнинг экологик оқибатларини таҳлил қилади ва Россиянинг кенг кўламли босқини бошидан буён унинг Украина экологиясига ҳалокатли таъсирини баҳолайди.

— 6 июн куни эрталаб Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Каховка ГЭСдаги 28 тўғон бўлагидан 11 таси вайрон бўлганини маълум қилди. «Укргидроэнерго»нинг хабар беришича, Каховка ГЭС «машина зали портлаши натижасида ичкаридан бутунлай вайрон бўлган». ГЭС ва тўғон билан ҳозир нима бўлганини тушуниш мумкинми? У қандайдир тарзда бўлса ҳам сувни ушлаб тура оладими?

— Агар «Укргидроэнерго» ёзганидек, машина залида портлаш содир бўлган бўлса, демак ГЭС вайрон бўлган. Савол — қай даражада. Сув омборининг қанча «ишлаб туриши» яъни у ерда қанча сув қолиши айнан шунга боғлиқ. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, катта эҳтимол билан, омборда унчалик кўп сув қолмаган.

Тўғоннинг қолган (потенциал сақланиб қолган) қисми сувни ушлаб туришга ёрдам бериши сувнинг оқиб чиқиш тезлигига боғлиқ. Табиийки, агар бутун фронт бузилган бўлса, унда сув тезроқ оқади, агар унинг бир қисми вайрон бўлган бўлса, секинроқ. Бироқ барибир сув оқиб чиқади, чунки у ерда бирор чора кўришнинг иложи йўқ. Яъни, сув сатҳи сувни ушлаб қолиши мумкин бўлган табиий дарё туби ёки тўғон қолдиқлари даражасига тушмагунча сув оқиб чиқаверади.

Ҳозир мен кўрмоқдаманки, (сувнинг оқиб чиқиш) тезлиги соатига 15-16 сантиметрни ташкил этяпти, бу умуман олганда етарлича тез. Яъни, икки-тўрт кун ичида, кутилганидек, сув омборидаги сув сатҳи Днипро дарёсининг туби даражасига тушади ва кейин сув оқиб чиқиш тўхтайди.

— Яқин кунларда нима содир бўлади? Сув оқиб чиқиши сиз айтган тезликда давом этадими? Бу анча юқори тезликми?

— Ҳа, анча юқори. Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, сув омборида жуда кўп сув бўлган, чунки ҳозир сув тошқини — унинг иккинчи тўлқини Каховка сув омборига етиб келди. Сув ҳақиқатан ҳам жуда кўп бўлган ва шубҳасиз, у пастга оқади.

Сув оқиши омбордаги ҳамма сув оқиб чиққунча шу тезликда давом этади. «Укргидроэнерго»нинг бундай «вилка» (икки-тўрт кун) бериши, ҳатто улар ҳам вазият қандай ривожланишини аниқ билмаслигидан далолат беради.