Украина ва Россия томони маълумотларига кўра, Херсон областида жами беш мингга яқин уй Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлиши оқибатида сув остида қолган. 7 июн куни тонгда ҳудуднинг Украина томонидан тайинланган раҳбари Олександр Прокудин берган маълумотда Днипронинг Украина назоратидаги ўнг соҳилида 1852 уйни сув босгани ва 1457 киши эвакуация қилингани айтилади. ТАСС агентлиги фавқулодда хизматларга таяниб хабар беришича, областнинг Россия томонидан аннексия қилинган қисмида 2,7 мингга яқин уй сув остида қолиб, қарийб 1,3 минг киши хавфсиз жойга кўчирилган.
ГЭС жойлашган Нова Каховка шаҳри ҳудудида етти киши бедарак йўқолган. Ўлим ҳолатлари ҳақида расмий маълумот йўқ. Херсон областининг Россия томонидан аннексия қилинган қисмида фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган. Россия томони баҳоларига кўра, сув тошқини ҳудудида 22 мингдан 40 минггача одам бўлиши мумкин.

Libkos / AP / Scanpix / LETA

Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Сув тошқини зонаси жами 15 та аҳоли яшаш манзилларини қамраб олган. Нова Каховкада 7 июн куни сув пикдан (юқори нуқтадан) 60 сантиметрга пасайди. Шаҳарда сув нормал даражага қайтишига камида бир ҳафта кетиши кутилмоқда. Олександр Прокудиннинг маълум қилишича, Нова Каховка яқинида жойлашган шаҳар типидаги Днепряни посёлкаси ва Корсунка қишлоғи бутунлай сув остида қолган. Херсон областининг Россия таъсиридаги «маъмурияти» Днипро дарёсининг қуйи оқимида жойлашган Кринки ва Казачья Лагери қишлоқларида уйларни томгача сув босгани ҳақида хабар берган. Россия армияси назоратидаги Голая Пристан шаҳрининг 80 фоиз қисми сув остида қолган, айрим ҳудудларда сув уйлар томигача етади. Шунингдек, Песчаное, Старая Збурьевка, Кардашинка, Олешки (Алешки) каби шаҳар ва қишлоқларни сув босган. Херсонда кўчалар сув остида қолган, Корабел микрорайонидан қарийб 1,3 минг киши эвакуация қилинган. 7 июнга ўтар кечаси Херсон атрофидаги Белозерск қишлоғи ҳам сувга ғарқ бўла бошлаганди.

Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлиши украин қўшинини қарши ҳужум бўйича айрим режаларни ўзгартиришига мажбур қилиши мумкин















