Интервю меҳмонлари Сиёсатшунос Фарҳод Толипов, ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ва таълим масалалари бўйича эксперт, иқтисодчи Баҳодир Ғаниевни бўлди.

— Инсоният тарихида ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий формацияси, яъни ривожланиш босқичи бўлади. Бу дейлик, қулдорлик, феодализм ёки капитализм. Бу босқичларга хос хусусиятларни ҳам яхши биласиз.

Хўш, иқтисодчи, ёзувчи ва сиёсатшунос сифатида бугунги ўзбек давлатчилиги, жамияти qaysı ижтимоий-иқтисодий формация босқичида деб ўйлайсиз?

Фарҳод Толипов:

— Ижтимоий-иқтисодий формация тушунчаси сиёсатшуносликда бир хилда қабул қилинган қатъий тушунча эмас, лекин тушунарли бўлган атама. Тарихдан маълумки, инсоният бугунга қадар бир нечта босқичлардан ўтган: қулдорлик, феодализм, капитализм, социализм каби. Лекин буларни қатъий даврлаштириб бўлмайди, ҳар бир жойда ҳар хил. Формацияларнинг баъзи босқичдаги кўринишлари баъзи ҳолатларда иккинчи бир босқичда ҳам меросдек сақланиб қолади. Бизда ҳам, баъзи собиқ иттифоқ давлатларида ҳам социализмнинг баъзи элементлари сақланиб қолмоқда. Соф бўлиниш, фарқланиш кейинчалик бўлиши мумкин.

Фарҳод Толипов

Тарихчилар, бошқа бир мутахассислардан бу борада сўз сўраганимда, доим бозор иқтисодиёти дейишади. Тўғридан тўғри капитализм дейишга чўчишади. Мустақилликнинг илк давридан шунақа бизда. Менимча, Совет давридаги қўрқув онгда бор ҳалиям. Умуман олганда, капитализм бу. Ўзи адабиётларда капитализмдан сўнг социализмга ўтилади, дейилади, лекин биз социализмдан сўнг капитализмга ўтдик.

Улуғбек Ҳамдам:

— Марксизм нуқтаи назаридан қаралса: синфлар бўлмаган тизим, яъни ибтидоий жамоа тизими, синфлар мавжуд бўлган қулдорлик, феодализм, капиталистик тизимлар, кейин эса социализм. Социализм ҳам босқичларга бўлиниб кетади.

Одамларни, ҳаётни кузатиб айтадиган бўлсам, бизда ҳаммаси аралаш. Яъни қанақадир «mix» ҳолатда турибмиз. Айб формацияларда ҳам эмас, менимча. Биз социализмдан воз кечдик деймиз, лекин шу социализмни ҳам жуда яхши ривожлантираётган мамлакатлар бор, масалан, Хитой, Австрия каби давлатлар. Қозоғистон ривожланди ёнимиздаги, шунинг учун айбни формациядан қидирмаслик керак. Масалан, кўпгина капиталистик мамлакатларда ижтимоий ҳимоя масаласи жуда яхши йўлга қўйилган, бизда бу нарса фақат социализмга хос дейилади.