Халқаро ташкилотлар Каховка ГЭС тўғони бузилиши туфайли туташ ҳудудларга тошиб чиққан сув оқимларида кўплаб миналар ҳам сузиб юргани ҳақида огоҳлантирмоқда.
Россиялик ҳарбийлар томонидан назорат қилинган тўғон атрофи тиғиз миналаштирилганди ва бундан халқаро мутахассислар яхши хабардор. Энди бу миналар сув оқими бўйлаб сузмоқда, бу эса уларни аниқлаш ва зарарсизлантириш имкониятларини кескин даражада қисқартиради, дея огоҳлантиради Қизил Хоч ва Care International.
Пайшанба куни тонгда Херсон областида сув тошқинининг ўртача даражаси 5,61 метрни ташкил этаётганди. Херсон области ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, областнинг 600 квадрат километр ҳудудини сув босган, шундан учдан бир қисми Украина назоратидаги ўнг соҳилда жойлашган, учдан икки қисми эса - Россия томонидан вақтинча оккупация қилинган чап соҳилда.
Украина ҳукумати сув босган қишлоқлар ва Херсон шаҳрининг Днипрога яқин жойлашган қисмидан роппа-роса 2000 кишини эвакуация қилган. Россия давлат нашрлари чап соҳилда жами 4300 киши эвакуация қилингани тўғрисида маълумот берган.
Президент Володимир Зеленский чоршанба куни Херсон области бўйлаб юз минглаб кишилар ичимлик суви таъминотисиз қолганини хабар қилганди.

Украина маъмурияти Россия оккупация ҳукумати чап соҳилдаги аҳолини эвакуация ва ичимлик суви билан таъминлашга ёрдам бермаётгани ҳамда у ерга кўнгиллиларни киритмаётганидан хавотир билдирмоқда, у ердаги одамлар чап соҳилдан ўнг соҳилга ўтишга уринганида россиялик ҳарбийлар қайиқларни ўққа тутган.
Чап соҳилда Россия оккупацияси остидаги бир қанча аҳоли яшаш манзилларида юзлаб кишилар том ва чердакларда қолиб кетгани ҳақида Россиянинг бир қанча мустақил нашрлари кўнгиллилар ва маҳаллий онлайн-гуруҳларга таяниб хабар берган.
Буюк Британия разведкаси маълумотида ҳам сув босган ҳудудлардаги аҳоли эвакуацияси россияликларнинг ўт очиши туфайли қийинлашаётгани айтилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Россия босиб олган Олешкида сув тошқини оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда шаҳарнинг қонуний сайланган мэри Евгений Ришчук маълум қилган. У «Суспильне»га берган интервюсида қурбонлар сони ортишини таъкидлаган.
Оккупация қилинган Нова Каховка шаҳрида (вайрон бўлган тўғонга беш километр масофада) эса маҳаллий расмийлар беш кишининг ўлимини тасдиқлаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонларнинг аксари - чўпонлар бўлган, улар катта эҳтимол билан чорвасини қутқаришга уриниб, ўз вақтида хавфсиз жойга кетишга улгурмаган.



















