Мени менда деманг менда эмасман,
Бир мен бордир мендан менда ичкари.

Юнус Эмро

Биз яшайверамиз. Тонгда уйғонамиз, кун давомида одатий юмушларимиз билан машғул бўламиз. Асосан, жамият белгилаб қўйган қоидалар асосида ҳаёт кечирамиз. Дунёдаги 70-80 фоиз инсонларнинг ҳаёти шундай ўтади.

Ҳар бир шахс ичида ўзга одам, ўзга олам яшайди. Аммо камдан кам инсонлар ўша ўзга одамига қулоқ солади, уни намоён қилади. У бизнинг “мен”имиздир. У бизни ўзгачароқ яшашимизни, эркинроқ нафас олишимизни, жамиятдаги кўплаб стереотипларни бузиб ташлашимизни истайди. Аммо кўпинча қобиқни ёриб чиқишимизга баъзан кучимиз, баъзан эса журъатимиз етмайди.

Элиф Шафақнинг “Ишққа оид 40 қоида” асари айнан шу ичкаридаги “мен”имизни қайсидир маънода излашимизга, балки қисман топишимизга ёрдам беради, йўл кўрсатади.

Aсар икки давр – ХIII ва ХХI аср воқеаларини ҳикоя қилади. Романнинг ёзилиш услуби жуда ўзгача. Буни давр тафовути ҳам кўрсатиб турибди. Ундаги бош қаҳрамонлар: ҳар бир шахс ичида битта ёмон, битта яхши шахс яширин деб билгувчи, ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, ҳар яхшининг вазият тақозо этса бир ёмони, албатта, бўлади, деган фикрда яшовчи, ҳаммани тушуна олувчи, Худони излаб йўлга чиққан Шамс Табризий;

Шамсни ўз ичидаги “мен”и деб ўйлагувчи, Табризийга маънавий ишқ орқали қаттиқ боғланиб, унинг ҳажрида шоирга айланган Мавлоно Румий;

“Ширин шаккоклик” китобини ўқиб, уни ҳатто умрида кўрмаган, дунёнинг қайсидир бурчагида кезиб юрган бир инсонга хат йўллаш орқали бутун ҳаётий “режим”ларини ўзгартирган, суратидаги “мен”ини сийратидаги “мен”ига алмаштириб “программалаш”тиролган Элла.

Кўпчиликдан эшитиб қоламиз “динда бунинг қоидаси ундай, йўқ хато қиляпсан бундай. Бундан сўнг у келади, ундан сўнг буни қиласан”, каби танбеҳ ва ўгитларни. “Ишққа оид 40 қоида”да бу каби танбеҳлар қораланмайди, аммо бошқачароқ талқин этилади. Яъни “одамлар Худо билан қандай гаплашишларига қараб ҳукм чиқариш керак эмас. Ҳар бир инсоннинг ўз йўли ва ўз дуоси бор. Худо биз ҳақимизда айтган сўзларимизга қараб ҳукм чиқармайди. У бизнинг қалбимизга теран назар солади.

Қонун-қоидалар (ақидалар) асосий эмас, асосийси, бизнинг қанчалар софлигимиз. Оддий мисол: “Нега намоз ўқимайсан?” деган саволга айримлар “асосийси дилингда бўлсин”, деб жавоб беради. Бу жавобни нотўғри деб бўлмайди. Дилингда бўлмаса-ю, аммо фарз деб намоз ўқийверсанг, бу шунчаки амал бўлиб қолаверади. Энди танганинг иккинчи тарафи ҳам бор: чиндан дилингда бўлган нарса амалга кўчмай қолмайди… Ҳам дилда, ҳам амалда бўлиши қанчалар гўзал!