Украинада урушнинг 472-куни ўтди. Асосий маълумотлар: 

  • BBC рус хизмати ва «Медиазона» журналистлари кўнгиллилар ёрдамида Украинада ҳалок бўлган 25 мингдан ошиқ россиялик ҳарбий хизматчиларни номма-ном аниқлади.
  • Украина қўшини камида тўрт участкада қарши ҳужум ҳаракатларини бошлади, бу ҳақда Американинг Урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида қайд этилган. The New York Times маълумотига кўра, ғарбдаги мулозимлар Украина қуролли кучлари қарши ҳужум давомида оккупация остидаги барча ҳудудларни озод этишини кутишмаяпти.
  • Канада бош вазири Жастин Трюдо Киевга келди. У Украина учун 500 миллион канада доллари қийматидаги янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини анонс қилди. Трюдо шунингдек, Канада қирувчи самолётлар учун украин учувчиларини тайёрлаш билан шуғулланишига ваъда берди.
  • Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Каховка ГЭС тўғони бузилиши оқибатида етказилган зарар миқдори 11,5 миллиард рублни ташкил этади, бу ҳақда Херсон областининг аннексия қилинган қисмига Россия томонидан тайинланган «ҳукумат» раиси Андрей Алексеенко маълум қилди.

Одессанинг ўққа тутилиши

10 июнга ўтар кечаси Россия қўшини ракета ва дронлар билан Одесса областини ўққа тутди. Украин расмийларига кўра, ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, камида 25 киши яраланган. «Жануб» оператив қўмондонлиги матбуот хизмати раҳбари Наталя Гуменюкка кўра, россияликларнинг барча дрон ва ракеталари уриб туширилган, аммо аппаратлардан бирининг парчалари кўп қаватли уй квартирасига келиб тушган — портлаш тўлқини яна бир неча турар жой биноларига шикаст етказган.
Serhii Smolientsev / Reuters / Scanpix / LETA