18:03 / 11.06.2023
20793

Қорақалпоғистонда Бухоро буғусини ноқонуний овлаган браконьер қўлга олинди

Браконьер Қизил китобга киритилган буғуни овлаб, қочиб кетишга уринди.

Фото: Экология вазирлиги ахборот хизмати

Қорақалпоғистонда браконьер Қизил китобга киритилган Бухоро буғусини овлаб, қочиб кетишга уринди. Экология вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

11 июн соат 05:30 да Қорақалпоғистондаги Қуйи Амударё биосфера резервати инспекторлари томонидан Халқаро Қизил китоб ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Бухоро буғусини ноқонуний овлаган браконьер қўлга олинди. Қуйи Амударё давлат биосфера резервати инспекторларига резерватнинг Жумуртов бўлими ўтиш зонаси фермер хўжалиги ҳудудида ўқ овози эшитилгани тўғрисида хабар келиб тушган. 

Инспекторлар воқеа жойига етиб борганида оқ рангли Matiz чиқиб кетганини аниқлаган. Машина изидан қувиб, Гурлан тумани «Деҳқонобод» МФЙгача боришган. Ҳуқуқбузарнинг машинасида қоплар борлиги, уларга эса бир дона Бухоро буғусининг бўлакланган жасади солингани маълум бўлди. Браконьер қўлга олинди. 

Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси терговчиси томонидан процессуал тартибда икки дона ов милтиғи, бир дона Бухоро буғуси тана қисмлари расмийлаштириб олинди. Ҳуқуқбузар томонидан табиатга 99 миллион сўм зарар етказилгани маълум бўлди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Иш прокуратурага юборилган.

Top