Жаҳон | 00:04 / 13.06.2023
11968
3 дақиқада ўқилади

АҚШ БМТни ислоҳ қилиш бўйича маслаҳатни бошлади 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти урушларнинг, жумладан, Украинадаги урушнинг олдини олмагани ва тўхтатмагани учун қаттиқ танқид қилинмоқда. Ўзгаришлар бундай камчиликни бартараф қилиши мумкин. 

Фото: Bebeto Matthews/AP

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти БМТ Хавфсизлик Кенгашини тубдан ислоҳ қилиш бўйича режа ишлаб чиқмоқда ва халқаро институтнинг нуфузини тиклашга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда The Washington Post ёзди. 

Қайд қилинишича, Қўшма Штатларнинг БМТдаги вакили Линда Томас-Гринфилд бошқа мамлакатлар дипломатлари билан маслаҳатлашиб, Хавфсизлик Кенгашини кенгайтириш ғояси ҳақида уларнинг фикрини билишга интилмоқда. Таъкидланишича, Вашингтон Кенгашга доимий аъзолар сифатида яна бир неча давлатни (олтитагача) қўшиш тарафдори, аммо вето ҳуқуқисиз. 

Шу тариқа, Байден ғарбга оид бўлмаган давлатларнинг халқаро сиёсатдаги роли ортиб бораётганини ҳисобга олишга ва уларнинг Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига нисбатан норозилигини бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирги вақтда БМТ Хавфсизлик кенгашига 5 мамлакат доимий аъзо: АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия. Улар вето ҳуқуқига эга. Нашрнинг қайд этишича, баъзи давлатлар ушбу мамлакатлардан Украинадаги урушнинг олдини олмагани ва тўхтатмагани учун норози. 

Ҳозирча Вашингтон БМТ ислоҳоти масаласига аниқ изоҳ бермаган. Аммо хабардор манбаларнинг журналистларга айтишича, Вашингтон Германия, Япония ва Ҳиндистонга Хавфсизлик Кенгашида доимий аъзолик бериш ғоясини қўллаб-қувватлайди. Франция ва Британия ҳам бу номзодларга қарши эмас, лекин Бразилия ва Африкадан камида битта давлатни Кенгашда кўришни истайди. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида дунёнинг барча давлатларини ўз ичига олган Бош Ассамблея билан бир қаторда Хавфсизлик Кенгаши ҳам мавжуд. Бош Ассамблея резолюцияларидан фарқли ўлароқ, Хавфсизлик Кенгашининг қарорлари БМТнинг барча давлатлари учун мажбурийдир. 

Иккинчи жаҳон урушидан кейин БМТ ташкил қилинган пайтда 5 та давлат Хавфсизлик Кенгаши таркибига доимий аъзо бўлиб кирган эди: АҚШ, Франция, Буюк Британия, Хитой (дастлаб, Хитой Республикаси, кейинчалик Хитой Халқ Республикаси), СССР (кейинчалик унинг ўрнини Россия эгаллади). Бу давлатлар Хавфсизлик Кенгашида овоз беришда чексиз вето ҳуқуқига эга. 

Шунингдек, 10 та давлат Хавфсизлик Кенгашига вақтинчалик аъзо бўлиши мумкин. Улар ҳар икки йилда ротация тамойили асосида ўзгариб туради. Улар вето ҳуқуқига эга эмас, аммо овоз бериш жараёнида иштирок этиши мумкин. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид