2023 йил май ойида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Қўшма Штатларга хизмат сафари чоғида худди шу йўналишда Американинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган эди.

Бу муҳим келишувлар бугунги кунга келиб ўз амалий натижаларини бера бошлади. Хусусан, АҚШнинг Пенсилвания штати, Филаделфия шаҳрида жойлашган Темпл университети клиникаси ҳамкорлик учун ўз эшикларини очди.

Юқори рейтинг кўрсаткичлари, 125 йиллик тажриба ва 750 ўрин-жойга эга ушбу йирик ҳамда нуфузли муассаса онкоурология йўналишидаги инновацион муолажа усуллари билан машҳур. Хусусан, бу ерда юқорида сўз юритилган робот-жарроҳлардан 8 таси мавжуд. Улар ёрдамида кунига 10-15 та мураккаб операция муваффақиятли бажарилмоқда.

«Аслида, мазкур технология Ўзбекистон учун ҳам янгилик эмас. Ўтган йили Корея Республикасининг Meere компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Revo-i русумли робот-хирург илк бор мамлакатимизга олиб келиниб, пойтахтимиздаги Shox International Hospital’га ўрнатилган эди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Орадан 9 ойга яқин вақт ўтиб, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ҳам ноёб бўлган ушбу робот-жарроҳ орқали 84 нафар бемор инновацион усулда оғир дарддан халос бўлди.

Мамлакат тиббиёти тарихида илк бор «темир шифокор» ёрдамидаги операцияларни бошлаб берган ва мазкур технологияга операторлик қилган онкохирург Зарифхўжа Баҳодирхонов ҳозир АҚШнинг Филаделфия шаҳрида бўлиб турибди. У Темпл университети клиникаси таклифига биноан ушбу тиббиёт муассасасида давлат ҳисобидан малака оширмоқда.

Мутахассис замонавий хирургик технологиялар бўйича шу пайтгача Италия, Германия, Хитой ва Туркиянинг нуфузли клиникаларида тажриба орттирган. Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида айнан Revo-i робот технологияси бўйича Кореяда икки марта билим ва маҳоратини бойитиб қайтган.