Ўзбекистон | 10:45 / 14.06.2023
3339
2 дақиқада ўқилади

Миср ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Африка давлатларига экспорт қилишда ёрдам беради

Ўзбекистон Савдо ва саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва Мисрдаги “Лотус” тўқимачилик компанияси раҳбари Хусам Жабрнинг онлайн музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Суҳбат давомида томонлар ўртасида тўқимачилик маҳсулотлари савдосини кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини араб дунёси ва Африканинг бошқа давлатларига экспорти кўламларини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Хусам Жабр Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида тўхталар экан, ҳозирги пайтда юқори сифатли газламаларни харид қилаётгани ва келажакда импорт ҳажмини янада кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди. Унинг маълум қилишича, Ўзбекистонда пахтага ишлов бериш, ип-калава ва матолар ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий технология асосида амалга оширилаётгани боис тўқимачилик маҳсулотлари юқори сифатлилиги билан ажралиб туришини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистондаги йирик компаниялар иш фаолияти билан танишиш, самарали ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш мақсадида Даврон Ваҳобов Хусам Жабр ва унга ҳамроҳлик қилувчи вакилларни жорий йил 7-10 июль кунлари мамлакатга ташриф буюришга таклиф этди. Бўлажак ташрифнинг ташкилий масалаларини дипломатия каналлари орқали ҳал этишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид