Шу кунларда, жамоатчилик диққат марказидаги мавзулардан бири – бу Каримовлар оиласидаги судлашув жараёнининг бошланиши. Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган ўғли Пётр Каримов унинг иккинчи рафиқаси Татьяна Каримовани судга берган. Даъво сабаби – мол-мулк, мерос масалалари.
Шу фонда, Каримов сиёсий меросини яна бир таҳлил қилиш, унинг бошқарув тизимига сиёсий баҳо масаласида фикр юритиш фойдадан холи бўлмайди.
2016 йилга қадар, Ўзбекистон ўта оғир даврни бошидан кечирди. Бу оғир даврни нафақат оддий халқ, балки бугунги мулозимлар, давлат арбоблари ҳам эсидан чиқаргани йўқ.
2016 йилда ҳокимият ўзгаргач, биринчи маъмурият сиёсий бошқарувига жузъий, вазиятдан келиб чиқиб, ситуатив баҳо берилди. Лекин, биринчи маъмуриятнинг бошқарувига тарихий-сиёсий, концептуал баҳо бериш ҳалига қадар амалга оширилмади.
Қолаверса, шу пайтга қадар берилган баҳолар ҳам, анча зиддиятли. Хўш, бу зиддият, нимадан иборат?
Биринчидан, Каримов сиёсий тизими яроқсиз экани тан олинди, у репрессив, қаттиқ авторитар, норационал, яъни ақл-идрокни инкор этиш даражасида бераҳм ва беҳикмат, ўта консерватив, ўта марказлашган, ўта якка шахслашган, ташқи дунёдан узилган, қўшни давлатлар билан ҳам аразлашган ёки совуқ алоқалар устувор, дея эътироф этилди.
Бу даврда, қора рўйхатлар, оммавий таъқиблар, “столбани ҳам қамаш” – оддий урф бўлгани, давлат халқни қўрқитиш машинаси экани, инсонлар элементар муаммоларни ҳам очиқ айтиш имкониятига эга эмаслиги, кўпчиликнинг эсида бор.
Иккинчи томондан, айнан Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг асосчиси, биринчи президенти, янги давлатчилик меъмори сифатида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши кераклиги билдирилди.
Жумладан, Каримовни Франциядаги Шарль Де Голлга, АҚШдаги Жорж Вашингтонга қиёслаш ҳоллари ҳам кузатилди.
Яъни Каримов сиёсий бошқарув ва мероси ҳақида гап кетганда, у даврдаги хато ва камчиликларни айтиш, унинг номини тилга олмасдан амалга оширилди. Шунингдек, Каримовнинг номи тилга олинган ҳолатларда, давлат даражасида, унга мўътадил ёки юқорироқ ҳурмат билдириш – давлатнинг асосий ёндашуви экани кузатилди.
Натижада, бугунги сиёсий тафаккурда, сиёсий маданиятда, маълум зиддиятлар йиғилиб қолмоқда.
Табиийки, ҳеч бир демократик давлат ўзининг самарали ишловчи демократик институтларини тезда шакллантира олмаган. Мисол учун, 20-асрнинг ўрталаридаги Англия, Франция ёки АҚШ бугунги даврга нисбатан авторитарроқ ёки якка шахснинг роли юқорироқ бўлган. Жумладан, Рузвелтни, Черчилни еки Де Голлни тийиб турувчи институтлар, шахслар ва сиёсий элитанинг салоҳияти нисбатан паст бўлган. Бошқача қилиб айтганда, ҳар қандай демократиянинг шундай ривожланиш палласи бўладики, энди ўсиб, шаклланиб келаётган демократик институтларда шахсларнинг ўрни анча юқори бўлади ва бу харизмали шахсларни тийиб туриш механизмлари кучсиз бўлади.







