КХДРда айғоқчи сунъий йўлдошнинг муваффақиятсиз учирилиши кескин танқид қилинди
Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси ҳисоботида амалдорлар қўпол масъулиятсизликда айбланган. Яқин келажакда айғоқчи сунъий йўлдошни учириш бўйича янги уриниш режалаштирилган.
Шимолий Корея ўз ишлаб чиқарган ҳарбий сунъий йўлдошнинг учирилишини йилнинг биринчи ярмидаги энг оғир муваффақиятсизлик деб атади. Шимолий Корея ОАВнинг 19 июнь, душанба куни хабар беришича, КХДРда ҳукмрон Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасига тақдим этилган ҳисоботда учиришни назорат қилган амалдорлар қаттиқ танқид қилинди ва очиқ масъулиятсизликда айбланди.
Яқин келажакда разведка сунъий йўлдошини учириш бўйича янги уриниш эълон қилинади. Ядро ва ракета дастури туфайли халқаро санкциялар остида қолган Шимолий Корея 31 май кунги муваффақиятсизликдан кўп ўтмай техник муаммоларни тан олди. Ракета-ташувчи Шимолий Кореянинг биринчи разведка йўлдошини коинотга етказиши керак эди, бироқ у Жанубий Корея оролларидан бири яқинида Сариқ денгизга қулаб тушди.
Жанубий Корея денгиздан ракета қолдиқларининг катта қисмини чиқариб олди ва КХДР ракета технологиясини ривожлантиришда қанчалик муваффақиятга эришганини аниқлаш учун уларни текширмоқда. Узоқ масофали космик ва ҳарбий ракеталарни ишлаб чиқариш технологиялари деярли бир хил.
Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси кўп кунлик йиғилишлар давомида жорий йил энг муҳим ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий режаларини амалга оширишнинг оралиқ якунларини сарҳисоб қилди. Унда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ҳам иштирок этди. Тадбир иштирокчилари нафақат мамлакатнинг стратегик салоҳиятини юксалтиришда эришилган ютуқларни, балки айрим камчиликларни ҳам қайд этди, улардан энг жиддийси разведка сунъий йўлдошининг муваффақиятсиз учирилиши бўлди.
Ўтган йили Ким Чен Ин Шимолий Кореяни «ортга қайтиб бўлмайдиган ядровий давлат» деб эълон қилган ва қурол-яроғ, жумладан, тактик ядровий қурол ишлаб чиқаришни кўпайтиришга чақирган эди. Вазиятнинг кескинлашуви фонида Жанубий Корея АҚШ билан ҳарбий соҳада ҳамкорликни кенгайтирди.
Мавзуга оид
11:22 / 12.11.2024
Шимолий Кореядан қочганлар РФдаги КХДР кучлари орасида дезертирликка эришмоқчи
10:41 / 12.11.2024
КХДР Россия билан ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди
22:18 / 11.11.2024
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди
17:59 / 11.11.2024