IТ мутахассислари учун мўлжалланган танлов асосий ва махсус йўналишлардан иборат.

Президентнинг 2022 йил 23 августдаги 357-сонли қарорига асосан соврин жамғармаси 1 млн долларни ташкил этувчи President Tech Award энг яхши стартаплар танлови эълон қилинди. Мазкур танлов IТ соҳасидаги ёш стартаперларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган.

President Tech Award – рақамли технологиялар соҳасидаги энг яхши стартап лойиҳалари учун танлов.

Мусобақа асосий ва махсус йўналишлардан иборат. Асосий йўналиш тоифалари:

• сунъий интеллектга асосланган технологиялар;

• ижтимоий соҳадаги рақамли технологиялар;

• ахборот ва киберхавфсизлик соҳасидаги технологиялар;

• тадбиркорлик ва молиявий технологиялар;

• компьютер ва мобиль ўйинлар.

Танловнинг ҳар бир тоифаси учун соврин жамғармаси қуйидагича тақсимланади:

1-ўрин учун — $100 000; 

2-ўрин учун — $50 000; 

3-ўрин учун — $30 000.

Махсус йўналиш эса Хакатон Гран-приси бўлиб, бу 72 соат ичида рақамли ечим яратишни кўзда тутади. Хакатонда ғолиб бўлган жамоа $100 000 миқдоридаги пул мукофотига эга бўлади.

Иштирок этиш учун аризалар танловнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида awards.gov.uz махсус портали орқали қабул қилинади.

Портал – бу танлов ҳақидаги барча маълумотлар жойлаштирилган веб-сайт. Бу ерда сиз жамоаларга қўшилишингиз ва йўналишлардан бирида иштирок этишингиз мумкин. Кейинги босқичга ўтиш ёки ўтмаслик ҳақидаги маълумотлар ҳам махсус платформа орқали юборилади.

Ҳужжатлар 1 июлгача қабул қилинади.

1 июлдан 25 июлга қадар саралаш босқичи ўтказилади.

Танловда 30 ёшгача бўлган шахслар иштирок этиши мумкин. Асосий йўналишда – фақат Ўзбекистон фуқаролари, махсус йўналишда эса IТ-Park резидент компаниялари ходимлари бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам қатнаша олади.