“Плюриал” лотин тилидан олинган, “кўплик”, “турфа хиллик” деган маъноларни беради. Плюрализм бир вақтнинг ўзида республикачиликнинг, демократиянинг, ҳуқуқий давлатчиликнинг асосида турадиган тушунчалардан бири ҳисобланади.
Республика – бу ҳалқнинг иродаси дегани. Халқ эса, битта одам эмас, кўпчилик бўлади. Кўпчиликнинг қарашлари, ҳар доим турфа ва зиддиятли бўлади. Агар республикада сиёсий плюрализм бўлмаса, бу нормал ва ҳақиқий республика эмас, дегани.
Демократия – ҳалқнинг сиёсий бошқаруви дегани. Демократияга кўра, халқ ўз хокимиятини битта партия, битта сиёсий қараш, битта сиёсий мафкура асосида амалга ошириши – мумкин бўлмаган нарса. Ҳақиқий демократия – халқда ҳақиқий эркинлик бўлган тизимдир. Халқда эркинлик бўлар экан, унда сиёсий фаоллик бўлади, одамлар ўзлари учун керакли бўлган миқдорда ва даражада, турфа хил сиёсий ташкилотлар тузиб олиб, ўз манфаатлари учун курашади.
Ҳуқуқий давлатда, ҳокимият, одамлар билан фақат ҳуқуқий мезонлар орқали муомалада бўлади. Давлат, ҳокимият фақат ҳуқуқий майдонда, қонунлар доирасида фикрлайди ва ишлайди, шунинг учун ҳам сиёсий плюрализм – инсонларнинг фундаментал ҳуқуқи сифатида кўрилади ва қондирилади.
Ҳуқуқий, демократик давлатларнинг, ҳақиқий республикаларнинг барчасида, қолаверса, конституцион монархияларда ҳам – сиёсий плюрализм мавжуд бўлиши керак. Агар давлатда сиёсий плюрализм бўлмаса, демак бу давлатда республикачиликнинг моҳияти мавжуд эмас ва ушбу давлатлар демократик-ҳуқуқий ҳам эмас. Сиёсий плюрализм бўлмаган давлатларда, жамиятнинг, халқнинг иродасини тийиб турувчи, чеклаб, бостириб турувчи омиллар ёки кучлар бўлади.
Сиёсий плюрализмга кўра, сиёсий майдонда бир-биридан ва ҳокимиятдан мустақил бўлган кўплаб қарашлар, манфаат гуруҳлари, партиялар, сиёсий кучлар бўлиши керак. Акс ҳолда, бу сиёсий тизим яширинча ёки ошкора шаклда, сиёсий монополия қилинган бўлади.
Сиёсий плюрализмнинг функциялари, вазифалари жуда кўп ва қимматли. Қолаверса, сиёсий плюрализмнинг даражалари ҳам ҳар хил бўлиши мумкин. Мисол учун, сиёсий плюрализм юқори бўлса – парламент ва сиёсий тизим турфа қарашдаги мустақил сиёсий кучлардан ташкил топган бўлади; пастроқ бўлса – де-факто ҳукумат ва парламент битта сиёсий кучни қўлида бўлиб, олий ҳокимият ўз атрофига ҳар хил қарашдаги манфаат гуруҳларини йиғиши ҳам мумкин. Булар – сиёсий тизимнинг қанчалик новатор ва эркин эканлигига бориб тақалади.
Шу нарса аниқки, олий ҳокимият сиёсий плюрализмга имкон бермаса ёки бера олмаган бўлса, бу сиёсий тизим олдида жуда катта хатолар қилиш хавфи ошиб боради.

















