Polar Prince тадқиқотчи кемаси батискаф экипажи билан алоқани «Титаник» қолдиқлари томон шўнғиш бошланганидан 45 дақиқа ўтиб йўқотган. Мутахассисларнинг баҳоларига кўра, бортдаги беш киши учун қолган кислород захираси тахминан 30 соатга етади - бу эса, кислород пайшанба куни Гринвич бўйича соат 10:00 да тугайди, деганидир.

АҚШ соҳил хизмати Канаданинг P-3 самолёти «сув остидаги шовқинлар»ни пайқагани ҳақида хабар берди. Бу ҳар ярим соатда эшитилган тақиллатишга ўхшаш овоз.

Ҳукумат хабарларидан бирида айтилишича, қидирув ҳудудига тўрт соатдан кейин қўшимча гидролокация ускуналари ўрнатилганда (сигналлар аниқланганидан кейин) овоз эшитилган ва «бу омон қолганларнинг умидвор эканлигидан далолат беради».

Чоршанба кунги вазият қуйидагича:

Чоршанба куни тонгда АҚШ соҳил хизмати «шовқинларнинг келиб чиқиш манбайини аниқлаш учун масофадан бошқариладиган аппаратлар бошқа жойга кўчирилгани, дастлабки қидирувлар ижобий натижа бермагани, аммо иш давом эттирилаётгани» ҳақида хабар берди.

Аввалроқ Американинг икки нашри АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг маълумоти сиздирилгани, унда Канаданинг сув остини ўрганишга мўлжалланган воситалар билан жиҳозланган бошқа бир P-8 русумли самолёти ҳам сув остидаги шовқинларни эшитгани ҳақида хабар берди.

АҚШ соҳил хизмати капитани Жейми Фредерик, сешанба кунининг иккинчи ярми ҳолатига кўра, Америка ва Канада соҳил хизмати кемалари ва бошқа хусусий кемалар 7600 квадрат мил майдонни текшириб чиқишгани ҳақида хабар берган.

Экспедиция раҳбари Дэвид Мирнснинг сўзларига кўра қидирув ишлари олиб борилаётган ҳудудга трубалар ётқизиш учун тижорий кема ҳам келган.

«Биз умид қиламизки, у сув ости аппаратини қидириш ва уни юқорига кўтариш учун шундай чуқурликка - 3800 метрга тушиш имкониятига эга. Бу рўй беришига қанчадир умид бор», деган у BBC мухбирига.

Polar Prince кемаси якшанбага ўтар кечаси Атлантика океанида 110 йил муқаддам «Титаник» кемаси ҳалокатга учраган жойга етиб борган. «Титан» батискафи якшанба куни тонгда шўнғишни бошлаган, аммо маҳаллий вақт билан соат 09:45 да, шўнғиш бошланганидан бир соат-у 45 дақиқа ўтиб сув юзасидагилар билан алоқани йўқотган.

Polar Prince экипажи «Титан» билан алоқа узилгани ҳақида АҚШ соҳил хизматига дарҳол хабар бермаган: улар бу ҳақда тахминан соат 17:45 да - саккиз соат ўтганидан кейин хабардор қилинган. Шундан сўнг хизматнинг Бостондаги қўмондонлик маркази қидирув ишларини мувофиқлаштиришга киришган.