Ўзбекистон | 08:03 / 22.06.2023
3282
2 дақиқада ўқилади

Ҳисоб палатасининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориши тизими жорий қилинади

Давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ва раҳбарлар жавобгарлигини ошириш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча қоидалар киритилмоқда.  

Фото: УзА

“Ҳисоб палатаси фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Ҳисоб палатаси бюджет маблағлари устидан тизимли назорат ўрнатиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.  

Қонун билан давлат бюджети маблағлари мақсадли сарфланишини таъминлаш ва раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча қоидалар киритилмоқда.  

Бюджет ташкилотларининг, бюджет маблағларини олувчиларнинг, давлат мақсадли жамғармаларининг ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг мол-мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш аниқланган тақдирда Ҳисоб палатаси томонидан маъмурий жаримага тортилиши белгиланмоқда.

Палата фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисида жамоатчилик олдида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ҳисобот бериб бориш тизими жорий қилинмоқда.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ фуқаролик судларига кўриб чиқиш учун берилган даъволар ва шикоятлар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид