Пайшанба куни тонгда АҚШ соҳил қўриқлаш хизмати қутқарув амалиётини кенгайтириб, унга яна 10 та кема ва бир неча сувости қайиқларини қўшди. Қидирув ишларида Канада қутқарув хизматлари ҳам иштирок этмоқда.
«Титан»ни шўнғиш жойига элтган Polar Prince тадқиқот кемаси у билан алоқани якшанба куни тонгда - аппарат сувга тушиб, «Титаник» қолдиқлари томон шўнғишни бошлаганидан бир соат-у 45 дақиқа ўтганида йўқотган.
Қидирув амалиётини бошқараётганларнинг айтишича, муваффақиятга эришишдан умид узишмаган, аммо «Титан»ни аниқлаш бўйича ҳамон ҳеч қандай илгарилаш кузатилмаган.
Аввалроқ эхолотлар (денгиз чуқурлигини электр акустик усул билан ўлчовчи асбоб) сув остидаги шовқинлар келаётган бир қанча нуқталарни қайд этишган, аммо улардан бирортасидан батискаф топилмаганди.
Олимларнинг сўзларига кўра, океан табиий товушлар билан тўла ва бу эхолотлар фаолияти самарадорлигини пасайтиради.
Сўнгги икки кунда қутқарувчилар сув тубини сканерловчи камералар билан жиҳозланган бошқарувчисиз сувости аппаратларига умид қилганди.
Сув остини тадқиқ қилувчи Дэвид Галлонинг сўзларига кўра, бу босқичда «Титан» экипажини фақат мўъжиза туфайли қутқариш мумкин. Унинг изоҳлашича, яқин вақтлар ичида аппаратни топишса ҳам, унга етиб бориш ва юқорига кўтариш бир неча соат вақт олади.
Батискафдаги одамлар

Батискаф бортида беш киши бор эди: британиялик 58 ёшли бизнесмен ва тадқиқотчи Ҳэмиш Ҳардинг, покистонлик 48 ёшли бизнесмен Шаҳзода Довуд ва унинг 19 ёшли ўғли Сулаймон, «Титаник»ка экспедициялар уюштириш билан шуғулланувчи OceanGate компанияси директори, 61 ёшли Стоктон Раш, шунингдек, франциялик тадқиқотчи, 77 ёшли Пол-Анри Наржоле.
Улардан икки нафари - Пол-Анри Наржоле ва Ҳэмиш Ҳардинг - илмий тадқиқотларга бағишланган, бир асрлик тарихга эга бўлган Тадқиқотчилар клуби аъзолари ҳисобланади.
Клуб президенти Ричард Гэрриот ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилган постида унинг аъзоларига қўллаб-қувватлов ва «Титан» экипажини қутқариш бўйича олиб борилаётган ишлар учун миннатдорчилик билдирган.
Айрим маълумотларга кўра, Тадқиқотчилар клуби қутқарув амалиётига максимал даражада кемалар ва техникалар жалб этилиши учун молиявий ёрдам кўрсатган.

















