АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати хабарига кўра, Канаданинг Horizon Arctic кемаси томонидан сувга туширилган Odysseus сувости аппарати 3800 метр чуқурликда ётган «Титаник» бурнидан тахминан 500 метр масофада (1600 фут) батискафнинг қуйруқ конусини, шунингдек корпуснинг бошқа қисмларини топган.

Парчаларнинг ҳолати ҳалокатли вайронгарчиликдан дарак бермоқда, аммо унинг сабаби номаълум. Шунингдек, қурбонларнинг жасадларини топиш мумкинлиги ҳам аниқ эмас.

«Бу ниҳоятда оғир шароит», – дея маълум қилди Бостондаги матбуот анжуманида АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати контр-адмирали Жон Могер.

«Титан»га эгалик қилган OceanGate компанияси ҳам экипаж ҳалок бўлганини тан олиб баёнот берган.

«Бу одамлар ўзига хос саргузаштлар руҳи ҳамда жаҳон океанларини ўрганиш ва ҳимоя қилишга бўлган чуқур иштиёқ бирлаштирган ҳақиқий тадқиқотчилар эди», – дейилган баёнотда.

Wall Street Journal расмий манбага асосланиб хабар беришича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг душман сувости кемаларини қидиришга мўлжалланган махфий акустик аниқлаш тизими батискаф сувга шўнғишни бошлаганидан бир неча соат ўтганидан кейин субмарина портлашини қайд этган. 

«АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари акустик маълумотларни таҳлил қилди ва алоқа узилган пайтда «Титан» сувости аппарати ишлаётган жойга яқин нуқтада портлаш билан боғлиқ аномалияни аниқлади», — деган WSJ мухбирига АҚШ денгиз флоти вакили.

АҚШ мудофаа вазирлигидаги манбага кўра, «Титан» Polar Prince билан алоқани йўқотган вақтда ҳарбий-денгиз флоти авария ҳудудини эшита бошлаган. Кўп ўтмай акустик тизим кейинчалик сувости бўлаклари топилган ҳудудда иккита портлаш овозини ёзиб олган.

Қутқарув амалиётининг космосдан кўриниши

Polar Prince тадқиқот кемаси «Титан»ни 110 йил муқаддам «Титаник» кемаси чўкиб кетган жойга якшанбага ўтар кечаси олиб борганди.

Батискаф тонгда шўнғишни бошлайди, аммо сув юзасидагилар миссия бошланганидан 1 соат-у 45 дақиқа ўтиб у билан алоқани йўқотади.

Polar Prince экипажи «Титан» билан алоқа узилиб қолгани ҳақида АҚШ Соҳил қўриқлаш хизматини дарҳол хабардор қилмайди: уларга тахминан саккиз соат ўтиб хабар берилади. Шундан кейин идоранинг Бостондаги қўмондонлик марказида қидирув амалиётини мувофиқлаштириш бошланади, унда бир неча мамлакат вакиллари иштирок этади.