“150 минг нафар ёшларимиз хорижий олийгоҳларда таълим олмоқда. Бундан ташқари, 2 миллион атрофидаги юртдошларимиз рўзғорини тебратиш учун, оиласи, ота-онаси ва фарзандларидан узоқда – хорижда меҳнат қилмоқда. Албатта, мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топиш осон эмас.
Хорижда бундай шароитда яшаб келаётган одамларимизни ҳақиқий қаҳрамон, десак, тўғри бўлади. Чет элларда тажриба ва малака орттираётган ана шундай ватандошларимизга раҳмат айтишимиз керак”, деди номзод.
Шавкат Мирзиёев хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш чораларини маълум қилди.
“Чет элдаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирамиз. Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолган барча юртдошларимизга хорижий давлатнинг ўзида моддий ёрдам имкониятларини янада кенгайтирамиз. Жумладан, уларга вақтинча яшаш, ҳужжатларини тиклаш, она Ватанига қайтиш каби харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Тақдир тақозоси билан хорижда вафот этган юртдошларимизни ўз юртига олиб келиш давлат томонидан таъминланади. Уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларига алоҳида ғамхўрлик қилинади, фарзандларини ўқитиш ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.
Бундан ташқари, хорижда ишлаётган одамларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, уларга адвокат жалб этиш харажатларини қоплаш ва ҳуқуқий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилади”, деди у.
АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония ва Европа давлатларидан юқори маош тўланадиган иш топиб кетаётган юртдошларимизга йўл чиптаси ва “ишчи виза”ни олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Бундан ташқари, чет элдаги юртдошларимиз учун:
- онлайн ҳужжат олиш ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш имкониятлари яратилади, уларнинг нархлари ички тарифларга тенглаштирилади;
- доимий консуллик ҳисобида туриш бадали бекор қилинади, ҳисобда туриш шартлари соддалашади;
- соғлиғи ва ҳаётини суғурталаш кўлами кенгайтирилади. Бунда, “ижтимоий реестр” ва “3 та дафтар”ларга кирган шахсларга суғурта харажатлари учун субсидия берилади;
- Германия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларда, шунингдек, Россиянинг йирик шаҳарларида бепул ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган марказлар очилади (ҳозирда Россиянинг Москва шаҳрида ҳамда Корея, Қозоғистон ва Туркияда ташкил этилган);








