Яқинда Россиянинг «Касперский лабораторияси» компанияси ходимларининг мобил телефонлари нишонга олинган кенг кўламли киберҳужум ҳақида эълон қилди. Россия ҳукумати ушбу ҳужумда АҚШ махсус хизматларини айблади. Аммо бу воқеани Москва билан қарама-қаршиликдаги Ғарб мамлакатлари рус ҳакерларидан ҳимояланибгина қолмай, ўзлари ҳам ҳужумга ўтаётгани исботи деб ҳисоблаш мумкинми?

Cosmic wolf («Коинот бўриси»), Stardust Chollima («Чоллима юлдуз чанги»), Fancy Bear («Замонавий айиқлар») ва Wicked panda («Ёвуз панда»). Агар сиз буларни Марвел кино олами суперқаҳрамонларининг исмлари рўйхати деб ўйласангиз, адашасиз. Булар дунёдаги энг хавфли ҳакерлик гуруҳларининг номлари.

Кўп йиллар давомида ушбу эпчил кибер жиноятчилар гуруҳлари савдо ва давлат сирларини ўғирлаш билан шуғулланган, шунингдек, турли компанияларнинг иш тизимини бузган. Тахминларга кўра, буларнинг барчаси уларнинг мамлакатлари ҳукумати буйруғи билан қилинган.

Киберхавфсизлик билан шуғулланувчи фирмалар эса ҳатто энг яхши аниме анъаналари асосида ушбу гуруҳларнинг махсус тасвирларини яратган.

Киберхавфсизлик компаниялари ходимлари дунё давлатлари харитасида «доимий жиддий таҳдид» (Advanced Permanent Threat — APT) келиб чиқувчи жойларни нуқталар билан белгилаган: булар Россия, Хитой, Шимолий Корея ва Эрон.

Аммо ушбу хаританинг катта қисми бутунлай бўш қолмоқда. Нега биз Ғарбдаги ҳакерлар гуруҳлари ва у ердан туриб уюштирилаётган киберҳужумлар ҳақида деярли ҳеч қачон эшитмаймиз?

Яқинда «Касперский лабораторияси»га қилинган ҳужум тўғри жавобни топиш учун бир неча калит ишоралар бериши мумкин.

«Касперский лабораторияси»га ҳужум

Деразаси Москва номли каналга қараган иш жойида ўтирган Россия компютер компаниясининг ходими корпоратив Wi-Fi тармоғининг ғалати хатти-ҳаракатларини кўриб ҳайрон бўлади.

Унинг ҳамкасбларининг ўнлаб мобил телефонлари бир вақтнинг ўзида ғалати интернет манзилларига маълумот юбораётганди.

Бу Россияда ҳимоя дастурларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган энг йирик компания — «Касперский лабораторияси» эди.