Президент Шавкат Мирзиёев 27 июн – Матбаа ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан соҳа вакилларига байрам табриги йўллади.

“Биз мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласини инсон қадрини улуғлаш, демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми деб биламиз”, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистонда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи – нодавлат медиа воситалари. Интернет нашрлар сони 745 тага етган.

“Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг очиқлик борасидаги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Жумладан, яқинда биринчи марта ўтган йил якунларига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида амалга оширилган ишларни баҳолаш бўйича Очиқлик индекси натижалари эълон қилингани бу йўлдаги муҳим қадам бўлди”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент профессионал журналистларнинг глобал ахборот маконида миллий манфаатларни ҳимоя қилаётганини эътироф этди.

“Ҳозирги вақтда ер юзининг турли бурчакларида юз бераётган, барчамизни ташвиш ва хавотирга солаётган воқеаларни ҳисобга оладиган бўлсак, глобал дунёда ахборотлашув жараёнларининг таҳдидли жиҳатлари ҳам борлиги ва улар тобора кучайиб бораётганидан кўз юмолмаймиз.

Дунёнинг айрим минтақа ва ҳудудларида ОАВ муайян сиёсий кучлар қўлида информацион урушни авж олдиришга, жамоатчилик фикрини чалғитишга, оқни – қора, қорани – оқ деб кўрсатишга хизмат қилаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади.

Ахборот маконидаги устунлик кўп нарсани ҳал этадиган бугунги мураккаб вазиятда халқимиз сиз, азизларни демократик матбуотнинг асосий шарти ва талаби бўлган холислик, ҳаққонийлик, миллий манфаатларимизга содиқлик каби принципларга амал қилиб, ўз билим ва салоҳияти, ўткир қалами ва ҳароратли сўзи билан жамоатчиликка ижтимоий жараёнлар моҳиятини англаб етишга кўмаклашадиган, уларни бузғунчи ахборот хуружларидан ҳимоя қиладиган фидойи инсонлар деб билади”.

Шавкат Мирзиёев журналист ва блогерларнинг коррупцияга қарши курашишдаги ўрнини қайд этди.

“Биз жамият ҳаётида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, бюрократия ва коррупция каби иллатларга қарши курашишда, аввало, сиз ҳурматли журналист ва блогерлар, айниқса, миллий медиа маконимизга янги ғоя ва ташаббуслар билан кириб келаётган истеъдодли ёшларимизга таянамиз”.