Жаҳон | 08:41 / 01.07.2023
8488
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинага Россиянинг музлатилган активлари билан ёрдам бериш ниятида

Европа Иттифоқининг Брюсселдаги саммитида Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган фойдадан махсус солиқ бўйича «сиёсий консенсус»га эришилди, деди Бельгия бош вазири. Европа комиссияси тез орада тафсилотларни тақдим этиши кутилмоқда.

Фото: Bloomberg

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Брюсселда бўлиб ўтган саммит чоғида музлатилган Россия активларидан Украинани тиклаш учун фойдаланиш усули бўйича келишиб олди. Учрашув иштирокчилари ушбу активлардан олинадиган фойда учун махсус солиқ жорий этиш бўйича «сиёсий консенсус»га эришди, деди Бельгия бош вазири Александр Де Кроо 30 июнь, жума куни. Унинг сўзларига кўра, шу йўл билан Украинани қайта тиклаш учун ҳар йили 3 миллиард евро юбориш мумкин бўлади.

ЕИга аъзо 27 давлатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари Еврокомиссияга қўшимча жиҳатларни ишлаб чиқишни топширди. Унинг раиси Урсула фон дер Ляйен тез орада таклиф киритиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Брюссел «эҳтиёткорлик билан» ҳаракат қилади, деди фон дер Ляйен, ҳуқуқшуносларнинг хавотирларига ишора қилиб. 

Шу билан бирга, Германия канцлери Олаф Шолц Украинани қайта тиклаш учун музлатилган Россия активларидан фойдаланиш бўйича ЕИнинг тезкор қарорига ишонмаяпти. «Ҳаммаси жуда мураккаб», деди у Брюсселдаги тадбирда. Германия ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирча бунинг учун қандай ҳуқуқий имкониятлар мавжудлигини ҳеч ким билмайди, шунга Еврокомиссияга бу масалани ўрганиш таклиф қилинган. 

Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши ортидан Европа Иттифоқи Москвага қарши кенг кўламли санкциялар киритди. Еврокомиссия маълумотларига кўра, Европа Иттифоқидаги чекловлар доирасида Россия Марказий банкининг 200 миллиард евролик активлари ва россияликларнинг 24,1 миллиард евролик шахсий активлари блокланган. Брюссел музлатилган Россия активларидан Украинани тиклаш учун фойдаланишни режалаштирмоқда, аммо бунинг учун Европа Иттифоқи қонунчилик тўсиқларини енгиб ўтиши керак. 

Мавзуга оид