Жаҳон | 18:58 / 03.07.2023
11440
1 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида рухсатномасиз Ҳаж қилмоқчи бўлган 17 мингдан ортиқ одам ушланди

Шунингдек, Ҳажнинг сохта ташкилотчи компаниялари ҳам фош этилди.

Фото: SPA

Саудия Арабистони хавфсизлик идоралари Ҳаж зиёратини рухсатномасиз бажаришга уринган 17 мингдан ортиқ одамни аниқлади, деб хабар берди Arab News.

Жамоат хавфсизлиги директори ва Ҳаж хавфсизлиги қўмитаси раҳбари генерал-лейтенант Муҳаммад ал-Бассамий сўзларига кўра, жами 17615 киши, жумладан, яшаш, иш ва чегара хавфсизлиги қоидаларини бузган 9509 нафар, шунингдек, 105 та сохта Ҳаж кампанияси ташкилотчилари қиролликнинг турли минтақаларида ҳибсга олинган. Уларнинг иши прокуратурага ўтказилди.

Шу билан бирга, Ҳаж қилиш учун рухсатномаси бўлмаган 203 мингга яқин киши Маккага киритилмаган, Макка ва муқаддас жойларга кириш учун рухсатномаси бўлмаган 129 мингга яқин автомобиль ҳам қайтарилган.

Ал-Бассамий сўзларига кўра, Ҳажга рухсати бўлмаган зиёратчиларни олиб кетаётган 33 киши ҳибсга олиниб, ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилган.

Аввалроқ, Саудия Арабистони 2023 йилда 1,8 млн киши Ҳаж зиёратини амалга оширганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид