Июн ойи бошида Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлиши натижасида кичик Марганец шаҳри сувсиз қолди. Журналистлар Марганец ва Днипро бўйида тўғон қулашидан жабр кўрган бошқа шаҳарларга ташриф буюрди.

Украинадаги фронт чизиғи яқин ердаги қуриётган кўлмак ичида икки кичик балиқ нафас олишга қийналиб, тартибсиз сузади.

Уларнинг атрофида, қуёш нурлари остида, 75 йил давомида сув билан қопланган улкан лой ва тош майдонлари ястанган. Унча узоқ бўлмаган қумли оролчада эса ғалла ортилган улкан баржа (двигателга эга бўлмаган, кемалар томонидан тортиладиган юк кемаси) ётибди. Илон ва қурбақалар худди соя излаётгандек саёз сувда сирпаниб юрибди.

Днипро дарёси сувини ушлаб турувчи Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлганидан икки ҳафта ўтгач, тахминан 18 куб километр (Англия ҳудудига тенг ҳажмдаги сув ҳавзасини тўлдириш учун етарли) сув жанубга оқиб кетди ва Қора денгизга қуйилди.

«Бу фалокат. Ҳамма нарса оқиб кетди. Кийиклар, ёввойи чўчқалар, балиқлар ва йўқолиб бораётган бошқа кўплаб турлар. Ярим миллионга яқин одам сувсиз қолди», дейди собиқ Каховка сув омборининг (ҳозир сув омбори деярли қуриган) ғарбий қирғоғида жойлашган Марганец шаҳри кенгаши котиби, 37 ёшли Анатолий Деркач.

Деркач ўзининг тўртинчи қаватдаги кабинетидан кулранг, ёрилиб кетган лойни ва нариги қирғоқда жойлашган Европадаги энг йирик атом электр станцияси силуэтини томоша қилади.

Запорижжя АЭС ҳозирда Россия назорати остида. Сув оқиб кетганидан кейин, тахминан 10 километр узоқликда жойлашган станция бирданига анча яқинроқдек кўрина бошлади.

«Улар совитиш тизими учун резервуарларда тахминан олти ойга етадиган сув борлигини айтмоқда. Аммо биз бунга ишона олмаймиз», дейди Деркач хўрсиниб. Сўнгра у 1986 йилда, Украина тарихидаги энг даҳшатли ядровий ҳалокат содир бўлган жой номи, «Чернобил» сўзини ҳам тилга олади.

Марганецда сув учун навбат. Фото: ED HABERSHON/BBC

Сув омборидан юқорироқдаги тепалик устида жойлашган кичик Марганец шаҳри тез-тез рус артиллерияси томонидан ўққа тутилади.

«Улар бизни дронлардан кузатади. Агар бир жойда бештадан ортиқ одам тўпланганини кўришса, ўққа тутишни бошлашади», дейди Деркач.