Қозоғистон 2023 йил охиригача Қирғизистон ва Ўзбекистон билан Сирдарё ҳавзаси ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувни ўзгартиришни режалаштирмоқда.
Kun.uz мухбири Қозоғистоннинг бу режаси нимани англатиши ва унинг Ўзбекистон учун оқибатлари борасидаги саволлар билан Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевга юзланди.
— Қозоғистон 2023 йил охиригача Қирғизистон ва Ўзбекистон билан Сирдарё сув ҳавзаси ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувни ўзгартиришни режалаштирмоқда. Бу нима дегани ўзи ва унинг натижаси Ўзбекистон учун қандай таъсир қилиши мумкин?
— Халқимизда янгисини қурмай, эскисини бузма, деган гап бор. Марказий Осиёда сув бўйича кўп келишувлар бор, шуларга амал қилиш керак. Баъзиларини такомиллаштириш ҳам лозим.
Қозоғистон Сирдарёнинг қуйи қисмда жойлашган давлат. Бунинг таъсирида эса сув тақчиллиги уларга кўпроқ сезилади. Йилдан йилга сув масаласи қийинлашиб бораётгани сабабли улар ҳам ўз манфаатларини ўйлаяпти. Тушунса бўлади буни.
Сиз айтган сув келишуви аслида 1998 йилда тузилган. Аммо келишув ўша вақтда 2-3 йил ишлаб, кейин умуман ишламай қўйган. Йилдан йилга шартлар бузилиб борган. Бу келишув учала давлат расмийлари томонидан тасдиқланса тўхташи мумкин. Қозоғистон эса бу келишувни такомиллаштиришни, ишлатишни хоҳлаяпти. Баъзи масалалар борки, учала давлат ҳам амал қилиш керак.
Биз Қирғизистонга қишда электр бериш ҳисобига сувни ўзимизда сақлаб қоламиз. Ёзда эса электрни қайтиб оламиз. Бу ҳам келишув бандларидан бири. Айрим масалаларда 3-4 йилдан бери Қозоғистон билан мулоқот қиляпмиз. Агар қандайдир келишув бўлса, Ўзбекистон томони учун ҳам фойдали бўлади, бир томон манфаати кўзланмайди фақат.
— Биз шартномани ўзгартириш ҳақида қанча гапирмайлик, у ҳақда содда қилиб гапирганда, бугун Қозоғистоннинг мақсади — кўпроқ сув олиш, аниқ масала бу. Хўш, қозоқлар қанча сув олмоқчи-ю ва улар кўзлаган миқдор биз учун қанчалик хавотирли?
— Совет иттифоқи даврида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган схемалар бор Амударё ва Сирдарё учун алоҳида. Иттифоқ тарқалгач, мустақил давлатлар 1992 йилда келишувларга амал қилиш бўйича шартнома имзолашган. Ҳозиргача амал қилади бу лимитлар. Баъзида Қозоғистонга кўпроқ сув ўтиб кетяпти. Ўша сувдан Ўзбекистонга қолдириш керак. Айдаркўл ва шу каби муаммоларимиз бор. Ҳар ким ўзига тортиб, мувофиқлаштириш қийин бўляпти. Биз ҳам Ўзбекистон манфаатини кўзлаб ҳаракат қиламиз. Шу билан бирга қўшни давлатлар манфаатини ҳам ҳисобга оламиз. Халқаро мулоқотда ҳам биринчи навбатда Ўзбекистон манфаатини кўзлашимизни, лекин уларнинг манфаатини ҳам ҳисобга олишимизни очиқ айтаман ўзим.















