11-12 июль кунлари Вилнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммити арафасида Шимолий Атлантика альянси раҳбарияти Литва пойтахтини «энг илғор қуроллар билан ҳимояланган ҳақиқий қалъага» айлантириш ҳақида қайғурмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари саммитнинг Литва ва Беларус чегарасидан атиги 30 км узоқликда ўтказилиши билан боғлиқ. Россиянинг ўзи ҳам жуда яқин - Калининград вилояти учрашув жойидан тахминан 150 км узоқликда жойлашган. Шу билан бирга, тадбирда АҚШ президенти Жо Байден ва НАТО давлатларининг аксарият раҳбарлари иштирок этади.
Альянснинг 16 та давлати саммитни қўриқлаш учун мингга яқин ҳарбий хизматчиларни юборди. Шунингдек, маҳаллий ҳарбийлар ҳам уларга кўмаклашади.
Бундан ташқари, ҳаво ҳудудини қўшимча ҳимоя қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Чунки Болтиқбўйи давлатларининг ҳаво мудофаа тизимлари Россиядан ҳужум содир бўлган тақдирда самарали ҳимоя учун етарли эмас деб топилган.
«Байден ва бошқа 40 та давлат раҳбарлари саммитга келаётган бир пайтда ҳаво ҳудудимизни ҳимоясиз қолдириш масъулиятсизликдан ҳам ортиқроқ бўлар эди», деди Литва президенти Гитанас Науседа.
Болтиқбўйи мамлакатлари - Литва, Эстония ва Латвиянинг жами аҳолиси 6 миллион кишини ташкил қилади. Шу сабабли, улар йирик контингентли армия, ҳарбий қисмлар, қирувчи самолётлар ва ҳаво мудофаа тизимларини жанговар шай ҳолда ушлаб туришга қодир эмас.
Германиядан «Patriot»лар, Франциядан «Caesar»лар
Саммитни ҳимоя қилиш учун НАТО давлатлари қуйидаги қуроллар ва техникаларни юборган:
- Германия 12 та «Patriot» зенит-ракета комплексларини юборди - бу НАТО мамлакатлари арсеналидаги ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа қуролларининг асосий турларидан бири;
- Испания NASAMS қисқа ва ўрта масофали ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлади (улар Норвегияда ишлаб чиқарилган);
- Франция ўзиюрар «Caesar» гаубицаларини берди;
- Шунингдек, Франция, Финляндия ва Дания ўз жанговар авиациясининг бир қисмини вақтинча Литвага кўчирди;
- Британия ва Франция учувчисиз самолётларга қарши технология билан жиҳозлади;

















