Тошкент шаҳри Бухоро кўчасидаги “Шарқ” нашриётига қарашли босмахона фасадини безаб турган “матбуотчи” мозаикаси бузилиши мумкин.

Бу ҳақда “Tashkent modernism” лойиҳаси муаллифи Александр Фёдоров Instagram'даги саҳифасида маълум қилди.

У босмахона реконструкция қилинаётгани ва бу ерда усталар ишлаётганини таъкидлаб, яқин тарихнинг миллий модернизм намунаси бўлган бу мозаикага шикаст етказмасдан бошқа жойга кўчиришни таклиф қилди.

Ҳозир босмахонанинг ички қисмини бузиш ишлари кетяпти, бино атрофида юк машиналари ва ишчиларни кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясига қарашли босмахона 1921 йилда қурилган. Босмахонада узоқ йиллар фаолият юритган ишчилардан бирининг Kun.uz'га айтишича, босмахона фасадидаги мозаика 1979 йил ўрнатилган.

“Вақт ўтиб оҳори тўкилган, лекин қурилган пайтида жуда ёрқин ва чиройли эди. Мозаикада аёл газеталарни ушлаб тургани акс этган. Ўша пайтда мозаикада газета номлари ҳам аниқ кўринарди, ҳозир ўчиб кетган. 2010 йиллардан кейин босмахона деярли фаолиятини тугатган, газеталарни босмадан чиқариш “Матбуот уйи”га ва бошқа жойларга кўчирилди”, – дейди у.

“Tashkent modernism” лойиҳаси муаллифи Александр Фёдоров давлат органлари, йирик бизнес эгаларини мозаикани бошқа жойга кўчириб ўтказишда ташаббус кўрсатишга чақирди.

“Менимча, ҳар қандай банк, ҳар қандай йирик бизнес учун бу ажойиб имиж яратишга ёрдам беради. Бу мозаика умуман шу бинодан кўчирилиб, шаҳарнинг қайсидир қисмига жойлаштириб, пастига компания логотипини жойлаштириш орқали ўз имижингизни яратасиз.

Модернистик мероснинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини сақлаб қолиш учун шундай замонавий ёндашув керак”, – дейди у.

Лойиҳа муаллифи мозаикани шаҳарнинг турли бурчаклари – реклама баннерлари, парклар ва боғлардаги жойлашувига оид таклиф-намуналарни ҳам тақдим қилди.