Жаҳон | 18:35 / 10.07.2023
11514
2 дақиқада ўқилади

Ер аҳолиси 8 миллиарддан ошганига қарамай, камайишни бошлади

Дунё аҳолисининг 7 дан 8 миллиард кишига кўпайиши учун 12 йил керак бўлди, аммо 9 миллиард кишига етиши учун тахминан 15 йил керак бўлади.

Фото: AP

Сайёрадаги демографик ўсишнинг пасайишига қарамай, дунё аҳолиси 8 миллиарддан ошиб кетди. Ҳар йили 11 июль куни бутун дунёда «Бутунжаҳон аҳоли куни» нишонланади. Тегишли қарор 1989 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан аҳоли билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш мақсадида қабул қилинган.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳар йили 11 июль куни аҳоли ва ривожланиш муаммоларидан хабардорликни ошириш, бу борадаги муҳим масалаларга эътиборни қаратиш мақсадида турли тадбирлар ўтказади.

БМТ маълумотларига кўра, 1999 йилда дунё аҳолиси 6 миллиардга, 2011 йилда 7 миллиардга, 2022 йилда эса 8 миллиардга етган.

Ўсиш соғлиқни сақлаш, овқатланиш, шахсий парвариш ва тиббиётни яхшилаш орқали инсон умрининг аста-секин узайиши билан боғлиқ. Бу, шунингдек, баъзи мамлакатларда туғилишнинг юқори ва барқарорлиги натижасидир.

Дунё аҳолисининг 7 дан 8 миллиард кишига кўпайиши учун 12 йил керак бўлди, аммо 9 миллиард кишига етиши учун тахминан 15 йил керак бўлади (2037 йилда), бу бутун дунё аҳолиси ўсиш суръатининг секинлашувидан далолат беради.

2023 йил ҳисоботига кўра, дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган давлат Ҳиндистон ҳисобланади – 1 миллиард 428 миллион 600 минг киши. Кейинги ўринларда 1 миллиард 425 миллион 700 минг аҳолига эга Хитой ва 340 миллион аҳолига эга АҚШ туради.

Эркаклар учун ўртача умр кўриш 71 ёш, аёллар учун 76 ёш деб белгиланган.

UNFPA маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг ўсиши 8 мамлакатда - Конго Демократик Республикаси, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзанияда юқори суръатларга чиқади. 2050 йилга бориб бу давлатлар дунё аҳолисининг прогноз қилинаётган ўсишининг ярмини ташкил қилиши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид