Фарғона вилояти Боғдод туманидаги Болғоли қишлоғида мактаб йўқ, 350 нафар ўқувчи олисдаги таълим муассасасига қатнаб ўқийди. Ечим сифатида 2021 йилда қишлоқдаги ҳар бир хонадондан 500 минг сўмдан пул йиғилиб, ҳашар йўли билан мактаб қурилиши бошланган. Аммо бинонинг асосий қисми қуриб битказилган бир вазиятда маблағ йўқлиги сабаб иш тўхтаб қолган. Қишлоқ аҳли мутасаддилардан таълим даргоҳини янги ўқув йилигача битказиб беришни сўрамоқда.

Таҳририятимизга келган мурожаатга кўра, Боғдод тумани “Қўғоли” МФЙ Болғоли қишлоғи болалари олисда жойлашган 23- ва 30-мактабларга қатнаб ўқишади.

Мактаб қурилишининг бошланиши (2021 йил)

Маълум бўлишича, мактаб қурилиши учун йиғилган пулдан ташқари қишлоқ аҳли “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлган: 960 млн сўм маблағ эвазига таълим даргоҳининг томи ёпилиб, пол қисми битказилган, эшик-деразалар сотиб олинган. Бундан ташқари, қурилиш ишлари билан танишган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мактаб учун спорт зали ва сув иншооти қуриб берган.

Болғоли қишлоғида 450 дан ортиқ хўжалик бор. Ҳар бир оиладан камида 2 ўқувчи 3 км йўл юриб мактабга қатнаб ўқишади. Ҳашар йўли билан бунёд этилаётган мактабнинг деярли 90 фоиз қисми битган.

Энг асосий масала иситиш тизими, ташқи фасад қисми ва ободонлаштириш ишларини якунига етказиб, мактабни янги ўқув йилига фойдаланишга топшириш кечикяпти. Бу борада ота-оналарнинг ёрдам сўраб бормаган идораю ташкилоти қолмаган.

Маҳалла фаоли Убайдулло Имомалиев болғолиликлар мактабнинг ишга тушишини интиқ кутаётганини таъкидлади.