Иқтисодиёт | 16:06 / 14.07.2023
31619
2 дақиқада ўқилади

«2017-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 35,3 фоизга ошди» – Марказий банк

2017 йилдан кейинги даврда Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари ошишига олтин нархининг қимматлашиши сезиларли таъсир ўтказган. Хусусан, ушбу даврда олтин-валюта захиралари 9,3 млрд долларга кўпайган бўлиб, шундан 6,9 млрд доллар айнан олтин нархи ўзгариши билан боғлиқ.

Фото: Bloomberg

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқаро захираларига доир тарқалаётган хабарлар юзасидан Марказий банк муносабат билдирди.

Қайд этилишича, халқаро захиралар ҳажми 2017 йил билан солиштирилганда 9,3 млрд доллар ёки 35,3 фоизга ошган бўлиб, бу ҳолат 2017-2022 йиллар мобайнида халқаро захиралар таркибидаги монетар олтин ҳажмининг 67 тоннага ортганлиги ҳамда олтин нархининг 2017 йил бошидаги 1159,1 доллардан 2022 йил якунига 1812,4 долларгача кўтарилиши билан изоҳланади. Бунда халқаро захиралар хажмига олтин нархи ўзгаришининг таъсири 6,9 млрд долларни ташкил қилган.

МБ кўра, халқаро захираларнинг кенг маънодаги пул массасига нисбати 2023 йил 1 июль ҳолатига 204 фоизни ташкил қилган бўлиб, 20 фоизлик минимал талабдан 10 баробар кўп.

2023 йил 1 июль ҳолатига халқаро захиралар 11,3 ойлик импортни қоплашга етадиган даражада шакллантирилган. Бу эса минимал талаб этиладиган кўрсаткичдан қарийб 4 баробарга юқоридир (минимал талаб 3 ой).

«Мавжуд халқаро захиралар Ўзбекистоннинг 2023 йил давомида сўндирилиши кутилаётган қисқа муддатли ташқи қарзларини тўлиқ қоплайди ҳамда бугунги кунда минимал талабга нисбатан қарийб 5,1 баробар юқори даражада шаклланган. Ташқи савдо бўйича асосий ҳамкор мамлакатлар кўрсаткичлари билан солиштирганда Ўзбекистон халқаро захираларининг ЯИМдаги улуши нисбатан юқори даражада шаклланган. Жумладан, Ўзбекистонда халқаро захираларнинг ЯИМга нисбати 44 фоизни ташкил қилади», дейилади регулятор баёнотида.

Мавзуга оид