Россия телевидениесидаги пропаганда ток-шоусида асосий мавзу НАТОнинг Вилнюсдаги шоуси бўлиб қолган бўлса-да, Ольга Скабеева бошловчилик қиладиган «60 минут» кўрсатувининг навбатдаги эфирида Россия қўшинлари оккупацияси остидаги Бердянск шаҳри Storm Shadow ракеталари билан ўққа тутилгани мавзусига ҳам тўхтаб ўтилди. «Мудофаа вазирлигидан расмий маълумот йўқ. Аммо деярли барча ОАВ аллақачон ёзиб бўлди...», – дея шарҳлади телебошловчи.
«Ҳа, – деди унга жавобан Россиянинг Украинага босқинидан кейин Россия телевидениесидаги асосий спикерлардан бирига айланган генерал-лейтенант Гурулев. – У ўтган йилда жуда оғир яраланган, уни базўр олиб чиқишган ва аслида соғлиги ҳолати туфайли у бугун фронтга бора олмасди, уни ҳисобдан чиқариш мумкин эди. У деди: йўқ, йигитлар, мен у ўша ерда бўламан ва яна нацистлар билан жанг қилиш учун кетаман. Афсуски, у қаҳрамонларча ҳалок бўлди, бу инсон катта ҳурматга лойиқ, қуролли кучларда обрўси жуда баланд эди ва бу ҳақиқат».
Гурулев шу тариқа нафақат Олег Цоков ўлими фактини, балки ушбу генерал 2022 йил сентябрида жиддий жароҳат олгани ҳақида ўтган йил украин манбаларида тарқалган хабарларни ҳам тасдиқлади.
Цоков Бердянскда ҳалок бўлгани тўғрисида илк бор 11 июл тонгида Украинанинг Россия томонидан оккупация қилинган Мариупол шаҳри мэри маслаҳатчиси Петро Андрюшченко хабар берган, унинг ортидан бу маълумот қатор украин телеграм-каналларида тарқалганди.
Цоковнинг ўлими ҳақидаги дастлабки хабарлар у қадар ишончли кўринмаганди, чунки у яқин вақтгача раҳбарлик қилиб келган 144-дивизия Луҳанск областидаги Лиман йўналишидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмоқда. 2022 йил сентябрида ушбу тузилма ҳарбий хизматчилари Украина қуролли кучларининг Харкив областидаги қарши ҳужуми вақтида қуршовга тушиб қолишига бир бахя қолганди, кейинги ойларда эса уларнинг фронт чизиғидаги ҳаракатлари билан боғлиқ хабарлар фақат Луҳанск областидан келган – бу ҳақда россияликларнинг машҳур «Рыбарь» телеграм-канали ҳам, «Информационное сопротивление» гуруҳидан бўлган украиналик ҳарбий таҳлилчи Константин Машовец ҳам ёзган. Шунингдек, бригада ҳарбий хизматчиларининг бир қисми Беларусдаги полигонларда экани тўғрисида ҳам хабарлар бўлган.
Июн ойи ўрталарида 144-дивизия ҳарбий хизматчилари Луҳанск областининг Креминна шаҳри яқинида жиддий йўқотишга учраган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалганди, уларни ўшанда 20-армия қўмондони, генерал Сухроб Ахмедовнинг нутқини тинглаш учун бир жойга тўплашганди, аммо генерал келишидан олдин улар Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилади.
















