Жаҳон | 08:53 / 14.07.2023
7742
3 дақиқада ўқилади

Россияда рақамли ривожланиш вазири ўринбосари уй қамоғига олинди

Россия рақамли ривожланиш вазири ўринбосари Максим Паршин ўта йирик пора олганликда айбланмоқда. Тергов амалдорни ҳибсга олишни сўраган, бироқ суд рад жавобини берган.

Максим Паршин / Фото: РБК

Москванинг Басманний суди йирик пора олганликда айбланган Россия рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Максим Паршинни икки ойга – 12 сентябргача уй қамоғига жўнатди. Бу ҳақда 13 июль, пайшанба куни кечқурун суд матбуот хизмати маълум қилди.

«Терговнинг Паршинга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилмади. Суд Паршинга нисбатан 2023 йил 12 сентябргача бўлган муддатга уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади», - дейилади хабарда. Бу ҳақда Россия ахборот агентликлари хабар берди.

Қайд этилишича, мансабдор шахсни ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор ҳали кучга кирмаган ва унга апелляция тартибида шикоят қилиш мумкин.

Аввалроқ худди шу иш бўйича суд Паршинга пора берганликда айбланаётган «Бюджет ва молиявий технологиялар» компанияси бош директори Александр Моносовни 12 сентябргача уй қамоғида ўтказган эди. Шу билан бирга, тергов ҳар икки айбланувчини қамоққа олишни сўради.

Максим Паршиннинг ҳибсга олингани 13 июль куни кечқурун маълум бўлди. Москва Басманний суди веб-сайтида жиноий иш карточкаси пайдо бўлди, унга кўра у жуда катта миқдорда пора олганликда айбланмоқда.

Россия Жиноят кодексининг ушбу моддаси бўйича энг кўп жазо 15 йил озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, 15 йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан пора миқдорининг юз бараваригача жарима ҳисобланади.

Давлат думасининг Ахборот сиёсати қўмитаси раиси Александр Хинштейн ўзининг Telegram-каналида маълум қилишича, Паршин «пойтахт ресторанларидан бирида 3,5 миллион миқдорда пора олаётган вақтида» жиноят устида қўлга олинган. У пора қайси валютада олинганини аниқлаштирмади. Дастлабки версияга кўра, пул «грантлар ажратишда ёрдам» учун мўлжалланган, деб ёзади Хинштейн. 

Рақамли ривожланиш вазирлиги «давом этаётган тергов муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига барча зарур ёрдам кўрсатилаётганини» билдирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид