2021 йилнинг кузида Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдан келган минглаб муҳожирлар Европа Иттифоқига кириш учун Полша-Беларус чегарасини ёриб ўтишга ҳаракат қилганди. Полша бу Александр Лукашенко тузуми гибрид ҳужумининг бир қисми эканини таъкидлаб, ҳарбий хизматчиларни оғир техника билан бирга чегарага олиб келганди.

Вилнюсдаги НАТО саммити бошланишидан бир неча кун олдин Полша «вазиятни беқарорлаштириш»га уринишларга тезкор жавоб бериш зарурати туфайли Беларус билан чегарага яна минглаб аскар ва 200 та техника ташлади.

НАТОнинг шарқий қанотидаги сиёсатчилар чегарага ҳужумлар такрорланиши ва улар бу сафар яхши тайёрланган ва қуролланган «Вагнер» ёлланма аскарлари томонидан содир этилиши мумкин, дея гумон қилмоқда.

Шафқатсиз «мигрантлар»

Вилнюсдаги саммитдан бир ҳафта олдин Литва ва Полша «Вагнер» ёлланма аскарлари чегарага ташланиши эҳтимоли сабаб иттифоқчи давлатлар раҳбарларига чегараларни мустаҳкамлашда ёрдам сўраб расмий хат йўллади.

Саммитда ҳам худди шу риторика давом этди.

«Тасаввур қилинг, беш минг шафқатсиз, яхши ўқитилган ёлланма аскарлар муҳожирлар йўли орқали ўтишга ҳаракат қилмоқда... Агар улар Европага ўтиб олса нима қилади?», деган Латвия бош вазири Кришянис Каринш.

Уни Полша президенти Анжей Дуда қўллаб-қувватлаган. «НАТОнинг барча форумларида ва барча икки томонлама учрашувларда биз иккита масалани кўтарамиз, булар «Вагнер» ва тактик ядро қуролларининг Беларусга жойлаштириши», деган Полша раҳбари.

Худди шу мавзуни Литва президенти Гитанас Науседа ҳам кўтарган. «Мен Байденга Беларус муаммога айланиб бораётганини аллақачон айтдим. Минтақамиздаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашмоқда», дея муаммога тўхталган у.

Норасмий суҳбатларда ғарбий ҳамкорлар елка қисиб, янги таҳдидга жавоб беришга тайёр эмасликларини тан олган, устига-устак Шарқий Европа давлатларидан бошқа ҳеч ким ҳали бу таҳдидни очиқ кўрмаяпти.

«Биз нима бўлаётганини кузатиб борамиз. Ва, албатта, Литва билан қўшни мамлакатларда содир бўлаётган воқеалар биз учун муҳим. НАТО ҳар қандай потенциал таҳдиддан ўзини ҳимоя қилишга тайёр, аммо биз ҳозирча «Вагнер»нинг Беларусга жойлаштирилишини кўрмаяпмиз», деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Аммо алянсда ҳатто бундай маълумотлар бўлган тақдирда ҳам, бунга қандай муносабат билдириши тўлиқ аниқ эмас. Агар Каринш сценарийси амалга ошса, яъни ёлланма аскарлар «бошқарилувчи миграция»нинг бир қисмига айланса ҳам, бу НАТО учун муаммо бўлмайди.