Бир неча асрлик зиддият

Поляк ва украин халқи душманлиги анча узоқ тарихга эга. Шарқий славянларнинг илк давлатчилиги ҳисобланувчи Киев Руси ва ғарбий славянларнинг Полша қироллиги ўртасидаги кураш Х асрданоқ бошланган. Бу икки славян давлати Червона шаҳарлари устидан назорат учун ўзаро уруш олиб борган. Червона шаҳарларига ҳозирги Полша ва Украина ҳудудларидаги Червен (айнан шу шаҳар номи сабаб шундай аталган), Лвив, Волин, Ярослав, Белз, Жешув ва бошқа шаҳарлар киради. Кейинчалик бу ҳудудлар Червонная Рус (Қизил Рус) деб атала бошланган.

Реч Посполита давлати чегаралари

Червонная Рус ерлари Киев Русида феодал тарқоқлик даври бошлангач, Галиция-Волин князлиги таркибига киради. Галиция-Волин князлиги ҳудудлари ҳозирги Украинанинг Лвив, Волин, Луцк, Полшанинг Карпатолди, Люблин, Беларуснинг Брест областлари ҳудудларига тўғри келган. Бу князлик 1340 йили Полша қироллиги томонидан эгаллаб олинади.

Полша қироллиги, шунингдек, Буюк Литва князлигининг ғарбий Киев Руси ерларини босиб олишига ҳам ёрдам беради ва 1569 йилги Люблин униясидан сўнг Буюк Литва билан бир давлатга бирлашиб, Днипро дарёсигача бўлган ерлар, жумладан Киев шаҳри, ҳамда Запорижжя устидан ҳукмронлик ўрнатади.

Полша қироллиги ва Буюк Литва князлиги бирлашуви натижасида ташкил топган Реч Посполита давлати ҳозирги Украина ерларини деярли тўлиқ ўз назоратига олади. Фақатгина Қрим хонлиги таркибидаги Херсон, Усмонийлар назорати остидаги Одесса ва Буюк Москва князлиги ҳудуди бўлган Харкив, Донецк, Луҳанск, қисман Суми Реч Посполита таркибига кирмайди. Ушбу давр шарқий славянларнинг учга (рус, беларус, украин) бўлиниш даври ҳисобланади.

Буюк Литва князлиги таъсири остидаги ерларда беларус, Полша назорати остидаги ҳудудларда украин, Олтин Ўрда билан яқин бўлган Буюк Москва князлиги асосида рус миллати шаклланади.

Реч Посполита (амалда Полша) ҳукмронлиги даврида Галиция ва Волин, кейинчалик бутун Украина ҳудудларида «поляклаштириш» сиёсати олиб борилади. Маҳаллий русинлар (бўлажак украинлар) поляклар, немислар ва яҳудийлардан кам ҳуқуқларга эга бўлади ва доимий камситиб келинади. Маҳаллий аҳоли ва полякларнинг душманлигига Полша христианликнинг католик оқимидалиги, украинларнинг эса православ оқимига эътиқод қилиши ҳам қўшимча сабаб бўлади. Полша шляхталари (зодагонлари) русинларни қул қилиши, хоҳласа ўлдириб юбориши мумкин эди. Шафқатсиз нотенглик шароитида маҳаллий аҳолида «келгинди» полякларга қарши нафрат шаклланади.