Душанбага ўтар кечаси Россиянинг Краснодар ўлкасини аннексия қилинган яриморол билан боғловчи Қрим кўпригида портлашлар рўй берди. Икки киши ҳалок бўлди, кўприк бўйлаб ҳаракат тўхтатилди. Москва Киевни айбламоқда, Украина ҳукумати ҳужум учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмаган. BBC Украина хизматининг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси анонимлик шарти билан денгиз дронлари орқали махсус амалиёт ўтказилганини айтиб берган. Россия президенти Владимир Путин шу куни кечқурун онлайн-йиғилиш ўтказиб, унда «Россия томонидан жавоб бўлиши»ни ваъда қилди.

Нималар рўй берди?

Дастлаб Қрим яриморолига Россия томонидан тайинланган раҳбар Қрим кўпригининг Кубан томондан келишдаги 145-таянч устуни ҳудудида «фавқулодда ҳодиса» рўй берганини айтди, аммо айнан тафсилотларга аниқлик киритилмади.

Маҳаллий манбалар икки кучли портлаш ҳақида хабар берди, телеграм-каналларда эълон қилинган фотосуратларда кўприкнинг икки оралиқ ёпмаси (пролет) жиддий шикастланганини кўриш мумкин. Shot телеграм-канали Тамани томондаги пролет вайрон бўлгани, Керч йўналишдаги пролет чўкиб қолгани ҳақида ёзган.

Россия тергов қўмитаси теракт моддаси бўйича жиноий иш очган. Россия миллий аксилтеррор қўмитаси кўприкка иккита сувусти дрони билан ҳужум қилинганини билдирган. Икки идора ҳам ҳужумда Украинани айблаган.

Mash телеграм-канали аниқлик киритишича, гап портловчи қурилмалар ўрнатилган дронга айлантирилган «сув мотоцикллари»дир.

Портлаш натижасида Белгород областидан бўлган жуфтлик ҳалок бўлди, уларнинг қизи жиддий жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.

Украинадаги уруш бошидан буён бу ушбу кўприкдаги иккинчи шу каби ҳодисадир. Аввалгиси 2022 йил октябрида амалга оширилганди.

Украинадагилар кўприкка қилинган ҳужум ҳақида нималар дейишмоқда?

Украина ҳукумати кўприкка зарар етказилгани учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмаяпти. Аммо BBC Украина хизматининг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси тунда Қримга уюштирилган ҳужум Украина ҳаво-денгиз кучлари ва Украина хавфсизлик хизматининг махсус амалиёти бўлганини айтган.

«Кўприкка сувусти дронлари орқали ҳужум қилинди. Кўприккача етиб бориш қийин бўлди, аммо охир-оқибат биз бунга эришдик», — деган манба. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

BBC олган расмий изоҳда Украина хавфсизлик хизмати «УХХ бу „қасир-қусур“ тафсилотларини фақат ғалабадан кейин албатта ошкор этиши» айтилган.