Kun.uz мухбири сайтнинг суд жараёнлари бошланган вақтдаги бош муҳаррири ва нашр мансуб “Комил унсур” МЧЖ директори Муслим Мирзажоновга суд жараёнларига оид бир неча савол билан мурожаат қилди.
— Сиз бош муҳаррири бўлган Sof.uz сайти ва «Anorbank» ўртасида келишмовчилик, суд жараёни давом этмоқда. Бунга қадар бир неча суд мажлиси ўтди ва сайтга тайинланган жарима ўз кучида қолмоқда. Хўш, ҳозир иш қайси жараёнда?
— Ҳозир Sof.uz сайтида бош муҳаррир бошқа одам бўлган. “Комил унсур” МЧЖ фирмасининг таъсисчиси бўлганим учун судларда иштирок этяпман. “Анорбанк” билан боғлиқ материални тайёрлаганлар ҳам бошқа журналистлар.
Келишув масаласи кўтарилганда, йўқ демаганман. Лекин улар қўяётган талабларга рози бўлмаганмиз, чунки ўзимизни айбдор деб эълон қилишимизни сўрашган. У материал мурожаатчи берган маълумотларга асосланган эди. Биринчи суд мажлиси фуқаролик судида кўрилиши керак эди, лекин иқтисодий судга оширишди. “Анорбанк” томони қарор юзасидан апелляция берди. Ва у ерда 3 млрд 700 млн сўмдан кўпроқ жарима тўлашимиз белгиланди. Биз бу суд қарори юзасидан Олий судга апелляция берган эдик, лекин улар ҳам жаримани ўзгартиришмади. Такрорий шикоят берганмиз ҳозир.
— Айтилган суммани тўлашга сайтнинг имконияти борми ёки суд қарори ўзгармаса, биз яна битта ОАВ билан хайрлашамизми?
— Sof.uz янги сайт. Ҳали кўп ходимлар ҳам ишламасди, молиявий имкониятлари юқори эмас. Вазиятда суднинг қарори ҳам кулгили. Уларнинг даъвосига кўра, тўкилган обрўни тиклаш учун бир нечта сайт билан шартнома имзолашган ва айтилаётган сумма шунга асосланган. Савол туғилади: демак, банк Sof.uz'да материал чиқишидан олдин реклама учун пул ажратмаганми? Нега ўз рекламаси учун берилган маблағни сайт ҳисобидан ундирмоқчи? Ўзи етказилган зарар реклама пули билан ҳисобланиши — хато. Вазият кулгили ва аянчли. Мижозлар, активлар камайгани билан ҳисобланиши керак эди.
Охирги суд жараёнида адвокатимиз касал эканини, Олий судга берилган мурожаат жавоби чиқмаганини айтиб, судни бошқа кунга қолдиришни сўраб илтимоснома киритдим. Аммо инобатга олишмади, жараён билан танишишмади ҳам. Шунчаки пулни елкамизга илишди.
— “Анорбанк” фаолияти танқид қилинган ўша видеоматериал “Kompromat uzb” фаолияти билан боғлиқ эдими?
















