Нигер президент гвардияси аскарлари мамлакат раҳбари Муҳаммад Базумни қўлга олди. Исёнчилар пойтахт Ниамейдаги президент саройини блоклаб қўйган. Шу билан бирга, бино ҳудудида вазият тинчлигича қоляпти, отишма кузатилмаган.

Ҳарбийлар миллий телевидение орқали президент Муҳаммад Базума ағдарилгани ҳақида эълон қилди.

Улар шунингдек конституция ва барча давлат институтлари фаолияти тўхтатилгани ҳамда мамлакат чегаралари ёпилганини маълум қилган.

Генерал-полковник Амаду Абдураҳмон тўққиз нафар ҳарбий хизматчи қуршовида турган ҳолда телевидение орқали чиқиш қилди.

«Биз, мудофаа ва хавфсизлик кучлари сиз билган режимга барҳам беришга қарор қилдик. — деган телемурожаатида генерал. — Бу хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашуви ҳамда иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги қониқарсиз бошқарув туфайли бўлди».

Унинг сўзларига кўра, вазирликлар раҳбарлари ўз кундалик вазифаларини бажаришда давом этади.

«Барча ташқи ҳамкорлардан аралашмаслик сўралади, — дея давом этган генерал. — Чегаралар вазият барқарорлашмагунича ёпилади».

26 июл куни Муҳаммад Базум Ниамейдаги қароргоҳида президент гвардияси аскарлари томонидан қамалда қолгани маълум бўлганди. Шу билан бирга, президент офисидагилар республика қуролли кучлари президент гвардияси аскарлари исёнини қўллаб-қувватламаётганини маълум қилганди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш исёнчилар томонидан ўз саройида тутиб турилган президент Базумга қўнғироқ қилишган ва уни қўллаб-қувватлашларига ишонтиришган.

Ғарбий Африка мамлакатлари минтақавий иттифоқи (Ecowas) Нигердаги исёнга уриниш ҳақида эълон қилди ва уни кескин қоралади. Бенин президенти Патрис Талон музокарачи сифатида Нигерга йўл олди.

Шунингдек, ўзини Ватан мудофааси бўйича миллий кенгаш деб атаган янги ҳарбий хунта мамлакатда маҳаллий вақт билан соат 22:00 дан 05:00 га қадар комендантлик соати жорий этган.

Jeune Afrique нашрига кўра, Базумнинг президент гвардияси қўмондони генерал Умар Чианини ишдан олиш нияти исёнга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чиани собиқ президент Муҳаммад Иссуфу давридан буён шу лавозимда эди.