Нигердаги исён тарафдорлари мамлакат парламенти биноси олдида митинг уюштиришди. Уларнинг айримлари Россия байроқларини кўтариб олишганди.
Митингчиларнинг бир қисми кейинроқ ағдарилган президент Муҳаммад Базумнинг партияси қароргоҳига ҳужум қилди ва унга ўт қўйди.
Расман Россия бошқа мамлакатлар қатори ағдарилган ва намойишчилар томонидан гаровга олинган президент Базумни озод этишга чақирган.
Айни вақтда Ғарбий Африканинг ушбу мамлакатини ким бошқараётгани тушунарсиз. Армия қўмондони исёнчиларни қўллаган, ўзининг сўзларига кўра, мамлакат қуролли кучлари бирлигини сақлаш ва қон тўкилишига йўл қўймаслик учун шундай танлов қилган.
Хунтанинг ўзи ҳам раҳбари кимлигини эълон қилмаган.
Давлат телевидениесида президент ағдарилгани тўғрисидаги бир кун олдинги мурожаат ватанпарварлик руҳидаги мусиқа ва Қуръон оятлари билан аралаштириб такроран қўйиб берилди. Одатда тушлик вақти эфирга чиқадиган янгиликлар дастури 27 июл куни намойиш этилмади.
Аммо Нигер пойтахти Ниамейда дўконлар ва бозорлар одатдаги вақтда очилган, эрталабки ёмғирдан кейин эса исёнчиларнинг тарафдорлари кўчаларга чиққан.
Юзлаб намойишчилар Миллий ассамблея биноси олдида тўпланган. Уларнинг айримлари байроқларни ҳилпиратган, бошқалари «Франция йўқолсин!» ва «Хориж базалари даф бўлсин!» ёзувлари акс этган плакатларни кўтариб туришган.
Нигер – Ғарбнинг минтақадаги асосий ҳамкорларидан бири
Нигер 1960 йилга қадар Франция мустамлакаси бўлган ва ҳозирга қадар бу ерда французлар таъсири ва ҳарбий базалари сақланиб қолган.
Уран рудасига бой бўлган ушбу мамлакат — Ғарбнинг Саҳелдаги (Саҳройи Кабир жанубига туташган минтақа) асосий ҳамкорларидан бири, бу ерда нафақат французларнинг, балки маҳаллий ҳукуматга қуролланган радикал гуруҳларга қарши курашда ёрдам берувчи Америка қўшинлари базаси ҳам жойлашган.
Нигернинг ушбу кампания учун аҳамияти қўшни Мали ва Буркина-Фасодаги давлат тўнтаришларидан кейин янада ортган. Қўшни мамлакатлардаги давлат тўнтаришлари ҳам Россияга симпатия билдирган кучлар томонидан амалга оширилган; Мали «Вагнер» ХҲКнинг Африкадаги асосий базаларидан бирига айланган ва кўп масалаларда россияпараст позицияни танлаган.
«Биз давлат тўнтариши — конституцияга зид бўлган ташаббус деб ҳисоблаймиз ва принципиал жиҳатдан биз доимо бундай ҳолатларда жуда аниқ позицияни эгаллаймиз», — деди пайшанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
















