Спорт | 18:20 / 01.08.2023
28695
9 дақиқада ўқилади

«Барса» Дембелени деб «ПСЖ»га уруш очмоқчи. Сўнгги трансфер хабарлари

«Реал» Мбаппени шу ёздаёқ олмоқчи, «Челси» ва «Юве» ҳужумчи алмашмоқчи.

Ёзги трансферлар давом этмоқда, яна бир қатор футболчилар ўзларига янги клуб топишди, яна бир қанча трансферлар ҳал бўлиши кутилмоқда. Қуйида сўнгги куннинг энг қизиқарли трансфер хабарлари дайжести.

Фабино «Ал-Иттиҳод»га ўтди

Бразилиялик яримҳимоячи Фабино ҳам «Ливерпул»ни тарк этди ва Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубининг янги аъзосига айланди. 29 ёшли ҳавбек янги клуби билан 2026 йил ёзига қадар шартнома имзолаган, унинг йиллик маоши миқдори 25 млн еврони ташкил этади.

«Буни чин қалбдан айтаман — мен бу клубни севаман. Раҳмат, қизиллар, биз биргаликда бошдан кечирган барчаси учун. You’ll Never Walk Alone», — дея ёзган футболчи ўз саҳифаларида «Ливерпул» мухлислари билан хайрлашиб.

The Athletic маълумотига кўра, Англия клуби ушбу трансфердан 40 миллион фунт ишлаб олади.

Фабино — мерсисайдликларнинг шу ёзда Саудия Арабистонига йўл олган учинчи футболчиси бўлди. Бунгача «Ливерпул» ўз сардори Жордан Ҳендерсонни «Ал-Иттифоқ» клубига сотганди, бразилиялик форвард Роберто Фирмино эса эркин агент мақомида «Ал-Аҳли»га ўтган.

Ребич Туркия чемпионатига ўтди

Жаҳон чемпионати совриндори тўрт мавсумдан кейин (биринчисида ижара асосида ўйнаганди) «Милан»ни тарк этди. Хорватиялик ҳужумчи «Бешиктош» билан икки йил муддатга шартнома тузган. Келишув шартларига кўра, футболчининг йиллик маоши миқдори 2,5 млн еврони ташкил этади. Шу билан бирга клуб Ребичга 280 минг евро миқдорида бонус (кўтарма пули) тўлаб берган. Анте ўтган мавсумда Чемпионлар лигасида ўйнаганди, энди эса уни Конференциялар лигаси кутмоқда.

Дембеле «ПСЖ» билан келишиб олди

«Барселона» вингери Усмон Дембеле расман клубдан ўзини «ПСЖ»га қўйиб юборишни сўраган, деб хабар бермоқда Фабрицио Романо. 1 августдан 26 ёшли французнинг трансфер баҳоси 100 миллион еврога чиқади (дедлайнга қадар унинг баҳоси 50 миллион евро).

Фабрицио Романо хабарига кўра, Дембеленинг ўзи «ПСЖ» билан шартномани келишиб олган — томонлар беш йиллик шартнома тузади. Парижликлар 31 июл куни «Барселона»га футболчининг шартномасидаги 50 миллион евро ҳақидаги бандни фаоллаштириш бўйича таклиф юборган, шунингдек ла лигани ҳам бу ҳақда огоҳлантирган. 

Аммо ҳозирча томонлар келишувга эришмаган. Бу клублар ўртасидаги муносабат кескинлашгани туфайли бўлиши мумкин. Cope нашри маълумотига кўра, «Барселона» президенти Жоан Лапорта «ПСЖ»нинг ҳаракатларидан қаттиқ ғазабланган ва Париж клубига қарши «уруш очмоқчи».

Diario Sport маълумотига кўра, Хави Дембелени жамоасининг муҳим футболчиларидан бири сифатида кўрган ва унинг қароридан қаттиқ ранжиган. Бундан ташқари, ушбу вингер ўтган ҳафтада «Барселона» устозига клуб билан Чемпионлар лигасида ғалаба қозонишни исташи ҳақида айтганди. Қайд этилишича, Хави ўзаро суҳбатда Дембелени қолишга кўндиришга уринган. У Неймарни мисол сифатида келтириб, у 2017 йилда «Барселона»ни тарк этганидан афсуслангани ва бир неча бор каталонлар клубига қайтмоқчи бўлганини эслатган.

Аммо Дембеле ўз қарорини ўзгартирмаган. У аллақачон «Барселона»нинг айрим футболчиларига «ПСЖ»га кетаётгани ҳақида айтган.

Париж клуби шу ҳафта охиригача трансферни расмийлаштирмоқчи. Клублар энди 50 миллион евролик пункт доирасидан ташқарида музокара ўтказади ва трансфер нархи энди парижликлар режалаштирганидан кўпроқни ташкил этиши мумкин.

«ПСЖ» Коло-Муанини олмоқчи

Париж клуби Дембеледан ташқари «Айнтрахт»нинг 24 ёшли ҳужумчиси Рандал Коло-Муанининг шартномасидаги бадал пулини тўлаб беришга ҳам тайёр.

L'Equipe хабарига кўра, француз футболчисининг вакиллари «ПСЖ» президенти Носир Ал-Ҳилайфий билан мулоқотга киришган. Бу келишув Дембеленинг трансферидан кейин амалга ошиши мумкин.

Шу билан бирга, «Айнтрахт» футболчисини кейинги мавсумда ҳам ўйнатмоқчи — унинг шартномаси муддати 2027 йилга қадар тузилган. Transfermarkt Коло-Муани трансферини 80 миллион еврога баҳолаган.

«Реал» Мбаппени 200 миллион еврога сотиб олиши мумкин

Мадрид клуби «ПСЖ» форварди Килиан Мбаппени шу ёзги  трансферлар ойнасидаёқ олиб келиши мумкин. ESPN нашри журналисти Родриго Фаэс хабар беришича, «Реал» унинг трансферини янги мавсум стартидан олдин — яқин икки ҳафта ичида расмийлаштирмоқчи.

Клубдагиларнинг ҳисоблашича, бу трансфер 200 миллион евро эвазига амалга ошиши керак. 24 ёшли француз билан 6 йиллик шартнома тузилади.

«Реал» Мбаппе бир йилдан кейин эркин агент сифатида АПЛ клубларига ўтиб кетиши ҳам мумкинлигидан хавотирланган ҳолда трансферни шу ёздаёқ амалга оширмоқчи. Кейинги йил ёзида Англиядаги клублар футболчига Мадридникидан яхшироқ таклиф бериши мумкин.

«ПСЖ» эса футболчидан шу ёздаёқ қутулмоқчи ва кетишга рози бўлмаса, уни таркибдан четлатмоқчи. Клуб раҳбарияти шу орқали унга босим қилиб, уни янги шартнома имзолашга ёки «ПСЖ» учун фойда келтириб кетишга кўндирмоқчи.

«Интер» Скамакка учун 20 млн евро таклиф қилди

Фото: MARC ATKINS/GETTY IMAGES

«Вест Ҳэм» ҳужумчиси Жанлука Скамакка Италияга қайтишга яқин. Романонинг маълумотига кўра, «Интер» 20 млн евро миқдорида таклиф юборган. Аввалроқ, «Вест Ҳэм» ўтган мавсумда АПЛ ўйинларида фақат уч гол урган футболчисини қўйиб юборишга қарши эмаслиги маълум қилинганди. Скамакка ҳам ватанига қайтишни истамоқда ва миланликлар клубида унда Чемпионлар лигасида ўйнаш имконияти бўлади.

«Ювентус» «Челси» билан ҳужумчи алмашмоқчи

«Челси» бу ёзда таркибни янгилашда давом этади. Фабрицио Романонинг ёзишича, «Ювентус» «Челси»га Ромелу Лукакуга Душан Влаховични алмаштиришни таклиф қилган. Италянлар клуби белгиялик ҳужумчи келиши эвазига сербиялик ҳужумчи устига маълум миқдорда тўлов қилишга ҳам рози. «Челси» ҳам июл ойида Влаховични қўлга киритиш вариантини кўриб чиққан, аммо ўшанда гап унинг ўзини сотиб олиш ҳақида борганди. «Ювентус» эса ушбу футболчи учун курашга «Интер» трансфер борасида «Челси» билан келиша олмаганидан кейин қўшилди.

«Челси» Санчес бўйича «Брайтон»га расмий сўров юборди

«Брайтон» «Челси»дан дарвозабон Роберт Санчес трансфери бўйича расмий сўров қабул қилди. Романонинг маълумотига кўра, клублар музокараларни давом эттирмоқда, дарвозабоннинг ўзи Лондон клубига ўтишга қарши эмас. «Брайтон» испаниялик футболчисини ижарага беришни эмас, сотишни истайди. Санчес ушбу клублар ўртасида музокаралар ўтказилаётган ягона футболчи эмас. Томонлар ҳамон Мойсес Кайседо бўйича келишишга уринмоқда.

«Интер» «Арсенал» ҳужумчисини олиб келмоқчи

«Арсенал» Фоларин Балогунни «Интер»га сотишга қарши эмас, аммо бунинг учун 45–50 млн евро талаб қилади. Миланликлар клуби эса тўлақонли трансфер амалга ошира олмайди, шунинг учун уни ижарага олиш вариантларини ўрганмоқда. 22 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумни Франция чемпионатидаги «Реймс» клубида ўтказганди (39 ўйин, 21 гол, уч ассист). Ижара бўйича келишувда бир йилдан кейин сотиб олиш мажбурияти ҳақида банд ҳам киритилиши мумкин. Воқеалар ривожини кузатамиз.

«ПСЖ» Верраттини 30 млн еврога сотмади

«ПСЖ» президенти Носир Ал-Ҳилайфий яримҳимоячи Марко Верратти Саудия Арабистонига йўл олишига рози бўлмади. Италиялик футболчи «Ал-Ҳилол» билан оғзаки шартномага келишиб улгурганди, аммо парижликларни унинг учун таклиф қилинган 30 млн евро миқдоридаги товон пули қониқтирмаган. Клубдагилар бу трансферлар ойнасида катта харажатлар қилаётган Саудия клубидан кўпроқ пул ундирмоқчи. «Ал-Ҳилол» ўтган ҳафтада «Зенит»дан Малкомни 60 млн еврога трансфер қилганди.

Мавзуга оид