Музокараларда Украина вакилари, Ғарб мамлакатлари, шунингдек ривожланаётган мамлакатлардан делегациялар қатнашмоқда.

Йиғилишда жами 40 мамлакатдан, жумладан АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Индонезия, Миср, Мексика, Чили ва Замбиядан дипломатлар ҳозир бўлган.

Москва Жиддадаги учрашув иштирокчилари муҳокама қилаётган шартларни номақбул деб ҳисоблайди.

Бу июн ойи охирида Копенҳагенда бошланган музокаралар жараёнининг давоми бўлиб хизмат қилади. Ўшанда Дания пойтахтидаги учрашувда Украина делегацияси, G7 мамлакатлари ва «глобал Жануб» мамлакатлари вакиллари Зеленский томонидан таклиф этилган «Украина тинчлик формуласини янада татбиқ этиш» масаласини муҳокама қилишган.

Бу Формула бошқа нарсалар қатори, Украина ҳудудларини 1991 йилги чегараларга қайтариш ва Россия томонидан репарация (товон) тўланишини кўзда тутади.

Зеленский ўзининг кечки мурожаатида учрашувда давлатлар раҳбарлари маслаҳатчилари йиғилишида дунёнинг 42 мамлакатидан вакиллар иштирок этаётганини айтиб ўтди.

«Турли давлатлар, глобал ишларга турлича сиёсий ёндашувлар. Аммо барчани халқаро ҳуқуқ устуворлиги бирлаштиради ва айнан шунинг учун Украина тинчлик формуласини таклиф қилди. Чунки Россиянинг тажовузкорлиги билан бузилган халқаро тартибни тиклаш керак эди», — деган Зеленский.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Жиддадаги учрашув арафасида олдинда қийин музокаралар кечиши кутилаётганини ёзганди. ОАВ маълумотига кўра, Украина ривожланаётган давлатларни ҳам Зеленскийнинг тинчлик режасини қўллаб-қувватлаш зарурлигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.

Ўз навбатида, Володимир Зеленский Жиддадаги музокаралар жаҳон етакчилари даражасида саммит ўтказиш бўйича келишувларга олиб келишига ва унда ҳам Украинанинг тинчлик режаси муҳокама қилинишига умид билдирди.

Жиддадаги музокараларда Хитой ҳам қатнашмоқда — бу ерга Хитой ҳукуматининг Евросиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэй ташриф буюрган.

«Бизда келишмовчиликлар кўп ва биз кўп масалаларда турлича позициялардамиз, аммо муҳими бизда умумий тамойиллар бўлиши», — деган Ли Хуэй музокаралар олдидан. Копенҳагендаги учрашувда ХХР вакиллари иштирок этмаганди.

Аввалроқ Американинг WSJ нашри ғарблик дипломатларга асосланган ҳолда саммит ўтказиладиган жой сифатида Саудия Арабистони танланишидан мақсад ғарб мамлакатлари бу орқали саммитда Хитой вакиллари ҳам иштирок этишига умид қилаётгани билан боғлиқлигини ёзганди.