Жаҳон | 10:31 / 07.08.2023
9211
2 дақиқада ўқилади

FT: Хитой вакилининг Жиддага келгани Украина иттифоқчиларини руҳлантирди

FT суҳбатлашган Европа расмийлари Хитойнинг Саудия Арабистонидаги Украина «тинчлик формуласи» бўйича йиғилишда иштирок этганини конструктив деб атади. 

Фото: Reuters

Хитой Украинадаги урушни ҳал қилиш бўйича кейинги халқаро музокараларда иштирок этишга тайёрлигини очиқ айтди. Бу ҳақда 7 август, душанба куни Financial Times номи ошкор этилмаган европалик расмийларга таяниб ёзмоқда

Нашр суҳбатдошлари Хитойнинг Саудия Арабистонида Украина «тинчлик формуласи» бўйича музокараларда «конструктив» иштирокини олқишлади. Европалик дипломатлардан бири Хитой «конструктив кўринишда» ва «у Россия эмаслигини кўрсатишга интилаётганини» айтди. «Хитойнинг қатнашиши Россиянинг тобора яккаланиб бораётганини кўрсатади», деди у. 

Бошқа бир европалик расмий Хитой «фаол иштирок этгани ва ушбу даражадаги учинчи учрашув ғоясини олқишлаганини» айтди. 

5-6 август кунлари Жидда шаҳрида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар даражасида бўлиб ўтган учрашув ҳеч қандай аниқ ўзгаришларсиз якунланди, дея қайд этади FT. Аммо аввалроқ Копенҳагендаги бундай музокараларда иштирок этишдан бош тортган Пекиннинг мавжудлиги Киев йўналишидаги бурилиш нуқтаси сифатида қабул қилинди ва тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. 

Расмий Пекин бу учрашувга ҳозирча изоҳ бермади.

Мавзуга оид