Украинада урушнинг 530-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия қўшини Донецк областининг Покровск шаҳри бўйлаб ракета зарбаси йўллади. Украина ИИВнинг сўнгги маълумотларига кўра, етти киши ҳалок бўлиб, 81 киши яраланган. Қурбонлар орасида — Фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг Донецк области бўйича ўринбосари, 52 ёшли Андрей Омельченко ҳам бўлган.
  • Россия ТИВ Володимир Зеленскийнинг «тинчлик формуласи»ни рад этиб, уни «Россияга маъносиз ултиматум» деб атади. Украина президенти томонидан тақдим этилган формула Россия қўшинини олиб чиқиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклаш, барча асирлар ва депортация қилинганларни озод этиш, тажовуз айбдорлари учун трибунал ва етказилган зарар учун товон пули, шунингдек Украина учун хавфсизлик кафолатини кўзда тутади.
  • 7 августга ўтар кечаси россиялик ҳарбийлар Херсонни уч бор ўққа тутди. Бир киши ҳалок бўлиб, камида етти киши яраланган.
  • Калуга областида дрон уриб туширилди. Самолёт типидаги яна бир дрон Белгородга кириш чоғида бартараф этилган. Икки регионда ҳам жабрланганлар ва вайронгарчиликлар қайд этилмаган.
  • Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён 763 та маданий мерос объекти шикастланган ёки йўқ қилинган, дея хабар берди Украина маданият вазирлиги.
  • Владимир Путин «Ростех» раҳбарига «Куб» ва «Ланцет» камикадзе дронлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича топшириқ берди.
  • Украина 22 нафар ҳарбий хизматчисини асирликдан қайтарди. Алмашув шартлари ва бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Покровск бўйлаб зарба

7 август куни кечқурун Россия қўшини Донецк областида, фронт чизиғидан 40 километр масофада жойлашган Покровск шаҳрини ўққа тутди. Област маъмурияти раҳбари Павел Кириленкога кўра, ҳужум вақтида турар жойлар, меҳмонхона, дўконлар ва маъмурий бинолар шикастланган. Украина ИИВ хабарига кўра, 7 киши ҳалок бўлиб, 81 киши яраланган, қурбонлардан бири — Фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг Донецк области бўйича ўринбосари Андрей Омельченко. РФ мудофаа вазирлиги бу зарбалар юзасидан изоҳ бермади.

Покровскда яшовчилардан бири Россия зарбаси вақтида яраланган аёлни кўтариб кетмоқда
Staniskav Krupar / EPA / Scanpix / LETA