Аслида футболни соғинган мухлислар учун анонс шарт эмас, ҳар қандай ўйин ҳам мавсум бошидаги муросасизлик, ҳам янги трансферларга баҳо бериш нуқтайи назаридан ўзига яраша қизиқ бўлса-да, анъанадан чекинмаган ҳолда баъзи ўйинларга алоҳида тўхталишни лозим топдик.

БЁРНЛИ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (11 август, 23:59)

АПЛ янги мавсуми устоз ва шогирд баҳси билан бошланади. Гап бу ерда Компанининг бир неча мавсум Пеп Гвардиола қўл остида ўйнаганида ҳам эмас. Чемпионшипда «Бёрнли» ўйинларини кузатган аксарият мухлис ва мутахассислар жамоа Шон Дайчнинг эски «Бёрнли»сидан анча ўзгаргани, лиганинг ўзига хос «сити»сига айланганини айтишганди. Жуда кўп кўрсаткичларда «Бёрнли» ростанам Чемпионшипда яққол устунлик қилди. Аксарият нотаниш футболчилардан иборат таркиб билан Компани жуда яхши жамоа туза олганини бу сафар юқорироқ даражада исботлаши керак бўлади.

Табиийки, трансферлар ҳам бўлди. Хусусан, Натан Редмонд АПЛ мухлисларига яхши таниш ном. Футболчи «Саутҳэмптон» таркибидаги қарийб 7 йилдан сўнг, бир мавсум Туркияда ўйнаб келди ва эркин агент сифатида Компани жамоасига келиб қўшилди. Шунингдек, 19 миллион евро эвазига «Базел»дан келиб қўшилган Зеки Амдуни ҳам йил кашфиётларидан бўлиши мумкин. 22 ёшли футболчи Швейцарияда анча сермаҳсул ўйин кўрсатган.

«Манчестер Сити» ўтган ҳафта Суперкубокни «Арсенал»га бой бериб қўйди. Аммо бу «шаҳарликлар» учун фожиа эмас, зеро Гвардиола жамоаси мавсумга аста-секинлик билан кириб келиб, асосан қишга бориб кучайиши янгилик бўлмай қолди. Суперкубок баҳсини ҳам учинчи йилдирки «Манчестер Сити» ютқазади. Дарвоқе, келаси чоршанба куни Гвардиола шогирдлари УЕФА Суперкубоги учун «Севиля» билан баҳс олиб боради. Мазкур соврин 1972 йили, яъни «Манчестер Сити» Кубок эгалари кубогини ютганидан икки йил ўтиб таъсис этилганини эътиборга олсак, бу ўйин клуб учун ўз тарихидаги дастлабки УЕФА Суперкубоги ўйини бўлади.

Ўзаро ўйинларга тўхталадиган бўлсак, сўнгги 11 ўйинда «Манчестер Сити» ғалаба қозонган, охирги 7 ўйинда умуман «Бёрнли» гол ҳам ура олмаган. Айнан Компани бошчилигидаги «Бёрнли» ўтган йили қуйи лигада қатнашган бўлса-да, Англия кубоги чорак финалида «Манчестер Сити»га дуч келганди. Ўша ўйинда «шаҳарликлар» «Этиҳад»да 6:0 ҳисобида устун келган, Эрлинг Ҳоланд эса, ҳет-трикка эришганди.

НЮКАСЛ – АСТОН ВИЛЛА (12 август, 21:30)

Муросасизлик ва драйв нуқтайи назаридан ҳафтанинг энг эътиборли учрашуви Нюкаслда бўлиб ўтса керак. «Нюкасл» деярли топ-клубга айланди, бу сафар Чемпионлар Лигасида тўп суради. Таркибни сақлаб қолиш билан бир қаторда, Тонали, Ливременто ҳамда Барнс каби янги футболчиларни харид қилди. Мавсумолди ўртоқлик ўйинларини ажойиб ўтказди – 5 ғалаба ва 2 дуранг. Мағлубият йўқ. Хусусан, уч кун олдин «Вилярреал» 4:0 ҳисобида доғда қолдирилди. Ҳарви Барнс дублга эришди.